14 October 2015
12:26 - Путин ва русларнинг иши яна чатоқ: Голландия Хавфсизлик Кенгаши Малайзия йўловчи учоғи Донецк устида русларнинг “Бук” ракетаси билан ердан урилганини исботлади
Кеча Голландия Хавфсизлик Кенгаши 2014 йил 17 июлда Украинанинг жанубий қисми устида уриб туширилган Малайзиянинг MH17 йўловчи учоғи ердан отилган “Бук” ракетаси воситасида ҳавога учирилган 9N314M портлатгич (инглизча – warhead, русча – боеголовка) билан уриб туширилганини исботлади.

Голландия Хавфсизлик Кенгашининг ҳисоботида айтилишича, портлатгич MH17 йўловчи учоқнинг учувчилар ўтирадиган кабинасининг чап тарафи устига урилган, учувчилар ўша заҳоти ўлган. “Бук” ракетаси отилган ер тахминан 325 квадрат километрлик майдон ичида эканлиги аниқланган.

Портлаш учоқ ичида бирон-бир сабаб билан, масалан, террористик акт натижасида бўлгани ёки портлатгич ҳаво-ҳаво ракетаси билан отилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар ҳам тўла ўрганилибди, бундай бўлолмаслиги исботланибди.

Эслатиб ўтиш керакки, Малайзиянинг йўловчи учоғи Голландия пойтахти Амстердамдан Малайзия пойтахти Куала-Лампурга кетаётган бўлиб, 283 йўловчининг кўпчилиги Голландия фуқоралари бўлган. Ҳамма йўловчи ва 15 кишилик экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Бу авиҳалокат авиция тарихидаги энг катта ҳалокталардан бири, 21 асрнинг энг катта авиаҳалокати ҳисобланади.

Голландиянинг ҳисоботи эълон қилинар-қилинмас Россия расмийлари ундан ғазабга тушиб, голландияликларни нообъективликда айблашга бошлашди. Уларни тушуниш мумкин, чунки, “Бук” ракеталари русларникидир, айнан Россия армияси бу ракетларни руспараст сепаратистлар қўли остида бўлган ҳудудларга олиб кирган. Ракета отилган 325 квадрат километрлик майдон эса айнан сепаратистлар қўли остидадир. Дарвоқе, АҚШ истиҳборотчилари “Бук” ракеталари Малайзия учоғи портлатилгандан кейин дарҳол Россияга қайтариб кетилганини гапирмоқдалар. Уларнинг қўлида фазодан олинган расм ва видеолар бўлса керак.

Унутмаслик керакки, Нюренбергада 1945-1946 йиллари иш олиб борган халқаро трибунал Гитлер фашизмини жиноятчи деб эълон қилган ва тирик қолган фашистлар жазоланган эди. Яқинда эса, аввал Югославия, кейин Сербиянинг президенти бўлган Слободан Милошевич ва унинг ҳамкорлари Гаага трибунали тарафидан жиноятчи деб эълон қилингани ва қандай жазолангани ҳам ҳаммага маълум.

Малайзия учоғи руслар тарафидан уриб туширилгани бўйича иш ҳам халқаро судларга чиқарилиб, бу жиноятда Россия раҳбарлари айбдор деб топилса, Владимир Путинни жазолашга ҳеч кимнинг кучи етмаса ҳам, унинг аҳволи қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.