13 October 2015
09:31 - Остонада 16 октябрда МДҲ саммити бўлади, аммо Путин бир кун аввал бу ерга давлат ташрифи билан келади
Қозоқларнинг Казинформ агентлиги хабар беришича, Россия Президенти Владимир Путин 15 октябрда Қозоғистонга давлат ташрифи билан келади. Икки давлат президенти Россия-Қозоғистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қиладилар. Ҳамкорлик икки тарафлама ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида олиб борилиши кўзда тутилади.

16 октябрда эса Остонад МДҲ давлатлари раҳбарларининг Кенгаши йиғилади. Қозоғистон, тўғрироғи, Нурсултон Назарбой йиғилишда раислик қилади. Бу йиғилишни МДҲ саммити дейиш мумкин.

Саммитда терроризм хавфига қарши биргаликда туриш, хавфсизлик ва ҳуқуқий тартибни таъминлаш, МДҲга аъзо давлатларнинг куч ишлатиш органларининг ҳамкорлиги каби масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда экан.