07 October 2015
18:39 - Россия Сурияда ҳаддидан ошмоқдами, ёки у шунчaлик кучли?
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу бугун 63 йиллигини нишонлаётган Президент Владимир Путинга Суриядаги воқеалар бўйича ҳисобот берди. Унга кўра, рус ҳарбий учоқлари 30 сентябрдан бери Суриядаги ИШИД жангариларига оид 116 объектга ҳужум уюштирдилар. ИШИДнинг 12 та қурол-аслаҳа омбори, 71 дона бронетехникаси, портловчи қурилмалар ишлаб чиқарадиган 6 та заводи йўқ қилинди. ИШИД объектларига қарши Каспий денгизида жойлашган 4 та кемадан ҳам ракеталар отила бошлабди. Ҳозирча 26 ракета отилган.

Сурия расмий армияси Россиянинг бундай ишларидан руҳланиб, ИШИДга қарши ердан ҳужумга ўтгани ҳам айтилмоқда. Маълумки, Сурияда Россиянинг ҳарбий базалари бор, яқин орада русларнинг пиёда қўшинлари ҳам Башар Асад кучлари билан биргаликда жангларга қўшилиши кутилмоқда.

Кўринишидан Россия Сурияда ташаббусни ўз қўлига олиб, Башар Асаднинг титраб қолган тахтини мутаҳкамламоқчи. Эрон ҳам бу масалада тўла руслар тарафдори эканлигини, Президент Барак Обама тишсизлигини намойш қилаётганини ҳисобга олсак, Россия Яқин Шарқда АҚШдан кучли позицияга эга бўлволиши мумкин.

Айни замонда, Путин ҳам, Россиянинг юқори лавозимли раҳбарлари ҳам, ИШИДга қарши курашда АҚШ ва Ғарб билан ҳамкорлик қилинаётганини айтишдан чарчашмаяпти. Ғарб, тўғрироғи, НАТО буни инкор этиш билан биргаликда, Россиянинг Сурияда активлашишидан, ИШИД билан бир қаторда Башар Асадга қарши урушаётган Сурия Эркин Армияси позиицияларини ҳам бомбардимон қилаётганидан норози эканлигини гапирмоқда.

Ҳамма нарса совуқ урушни қуйиб туринг, иссиқ уруш тарафига кетаётганга ўхшайди. Буюбритания Бош вазири Дэвид Кэмерон “керак бўлса ядровий қурол ишлатишга ҳам тайёр эканликларини” гапиришгача борди. Франция Президенти Франсуа Олланд ҳам Яқин Шарқдаги воқеалар катта урушга олиб келиши мумкин демоқда.

Reuter агентлигининг сайтидан олинган расмда – АҚШ тарафидан Сурия Эркин Армияси учун яратилган қурол-аслаҳа омбори руслар тарафидан йўқ қилиниши.