07 October 2015
09:43 - Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси раҳбарияти аъзоларидан 23 киши қамалди

Бу партия экстремистик-террорист ташкилот сифатида Олий Суднинг қарори билан 29 сентябрда йўқ қилинган эди. Шу кунгача бу собиқ партиянинг раҳбарлари ва раҳбар органлари аъзоларидан 23 киши қамоққа олинганини Asia-Plus агентлиги Бош прокуратурага асосланиб билдирди.

Бу 23 киши ва исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзоданинг одамларига терроризм, жиноий жамият яратиш; миллий, ирқий, маҳаллий ва диний душманлик уйғотиш; ҳокимиятни зўравонлик билан олишга ҳаракат қилиш; экстремистик фаолиятга очиқча чақириш; ҳарбий исён айблари қўйилмоқда экан.

Бош прокуратура собиқ партиянинг қонунларга бўйсунувчи оддий аъзоларига қарши ҳеч қандай иш қўзғотилмаслигини ҳам билдирибди.

Стратегик Тадқиқотлар Маркази ўтказган ижтимоий сўровнома натижаларига кўра, Душанбе шаҳри аҳолисининг ярмидан кўпроғи Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясини террористик ташкилот деб ҳисоблар, 59 фоизи бу партиянинг раиси Муҳиддин Кабирийга ишончсизлик билан қарар экан.