28 September 2015
20:10 - Пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилинди

Тўғрироғи, эълон қилинган оммавий сафарбарлик яна-да кучайтирилди. Хусусан, пахта теримига эндиликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси таркибидаги имомлардан тортиб, “Ўзбекнаво” гастрол концерт бирлашмасининг хонандаларигача сафарбар қилинди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларидаги аскарлар, ИИВ қўшинларининг шахсий таркиби, Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ тизимидаги манзил колониялар маҳкумлари ҳам теримга ҳайдалди. Воҳа вилоятларининг айрим мактабларида 5-синядан юқори ўқувчилар ҳам теримга чиқарилмоқда.

Айни пайтда ҳукумат болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида “ишонч телефон”лари жорий қилди. Аммо ана шу телефон гўшагини кўтаришга масъул операторларнинг ўзи ҳам теримга сафарбар қилинган.

Президент Ислом Каримнинг ўтган йили пахтакорларнинг меҳнат ғалабасини қутлаш борасидаги табригида Ўзбекистон пахта толаси сотишдан 6 миллиард АҚШ доллари атрофида фойда кўриши айтилади. Бу эса Россиядан мардикорларимиз жўнатаётган пулнинг деярли яримига тенгдир. Миллий фожеага айланиб бораётган оқ олтиннинг қора қилмиши борасида кўплаб хабарлар келмоқда. Кимдир пахта хирмони остида қолиб ўлган, яна қайсидир ҳашарчи тенгдорлари тарафидан чавақланган ва ҳоказо.