28 September 2015
07:14 - Абдулазиз Комил БМТнинг Бош Ассамблеясида феълан “Бирлик” ва “Ҳаракат”га қўшилди, Ислом Каримнинг шармандасини чиқарди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил 25 сентябрь куни БМТнинг Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон ва ўзбек халқининг иқтисодий аҳволи ҳақида ҳисобот берибди. У бечора Бош Ассамблея кўпроқ сиёсий минбар эканлигини ҳам билмайдиганга ўхшайди. Ўша саҳнада биронта одам Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол билан қизиқармиди?

Аммо, Абдулазизвой иқтисод соҳасида ҳам ҳеч нарсага ақли етмаслигини кўрсатиб қовун туширибди ва ўз Президенти Ислом Каримнинг шармандасини чиқарибди. Тўғрисини айтса, охирги йилларда Ислом Каримнинг шармандасини чиқариб бўлган “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлигининг ҳақлигини кўрсатиб берибди.

Маълумки, айнан “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Ўзбекистоннинг иқтисоди чўкаётгани, иқтисоднинг асосоий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ривожланган мамлакатларни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан 2005 йили 5,5 баравар орқада бўлсак, ҳозир 8 баравар орқадалигмизни, қозоқларда ўртача ойлик 700 доллардан ортиқ, бизда 90 доллар эканлигини, қозоқ дворниклари ўзбек профессорларидан кўп ойлик олишини аллақачон кўрсатиб берганди.

Абдулазиз Комил “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг ҳақ эканлигини кўрсатиш ва Ислом Каримни шарманда қилиш учун бўлса керак, Ўзбекистонда аҳолининг ўртача даромади жаҳондаги ўртача даромад даражасига 2030 йилда чиқишини эътироф этибди. Қаранг, ўта тезлик билан ривожланаётган 21 асрнинг 15 йили ичида жаҳондаги ўртача даромад даражасига чиқишни эътироф қилиш, ҳозирги қашшоқлик ва қолоқлигимизни тан олишку!!!.

Қолаверса, 20030 йилда жаҳондаги ўртача даромад даражасига чиқишимизни кўрсатувчи биронта факт келтирилмайди. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой эса ўз мамлакати 2030 йилгача жаҳондаги энг ривожланган 30 давлат қаторига қўшилишини айтмоқда. Балки, Абдулазизвой ўзбеклар қозоқларга мардикорлик қилиб даромадларини оширишларини назарда тутаётгандир?

Нима бўлганда ҳам, ўзбекнинг бош дипломати БМТнинг Бош Ассамблеясидаги нутқи билан Ўзбекистон ҳозироқ фаровон давлат эканлиги ҳақида тўхтамасдан гапираётган Ислом Каримнинг ёлғончи эканлигини кўрсатиб, шармандасини чиқарибди.