26 September 2015
17:32 - “Ҳаракат” яна ҳақ чиқди: Дунё учун янги хавф, янги қутблашма бошланди, Россия шиаларни суннийларнинг ИШИДига қарши бирлаштириш ҳаракатида

ИШИДни йўқ қилиш учун курдларнинг пиёда қўшинлари ва АҚШ бошчилигидаги коалициянинг хаводан ҳужумлари етрасизлигини тушунган Ғарб, ўз пиёда қўшинларини урушга киритмаслик учун, Эродан фойдаланишни ўйлаётган бўлса керак, деган тахмин “Ҳаракат” тарафидан аллақачон айтилган эди. Аниқроғи, Эроннинг ядровий қурол яратиш программаларини тўхтатиш учун “Эрон-Олтилик” музокаралари давом этаётган пайтда айтилганди.

Ўша пайтда Ғарбнинг истаги - “Эрон-Олтилик” шартномаси кучга киргач, Эронга қарши киритилган санкцияларни, жумладан, Эронга қурол сотмаслик ҳақидаги санкцияларни бекор қилишига эришиш ва Эронни ИШИДга қарши уруш учун қуроллантириш бўлганга ўхшаб кўринганди. Афтидан, айнан шундай бўлган.

Фақат битта нарса ноаниқ, Ғарбнинг мақсади Эронни Россия қуроллантиришига йўл бериш бўлганми ёки ўзи қуроллантирмоқчи бўлганми?

Нима бўлганда ҳам, дунё учун янги хавф, янги қутблашма бошланди, Россиянинг шиаларни суннийларнинг ИШИДига қарши бирлаштириш нияти жиддийлиги кўриниб бормоқда.

Русларнинг “Новости” агентлиги ўз манбаларига асосланиб хабар қилишича, 4 давлат – Россия, Сурия, Ироқ ва Эрон - ИШИД жангариларига қарши курашни координация қиладиган марказ тузишга қарор қилдилар. Боғдодда ишлайдиган бу марказга 4 давлат бош штабларининг вакиллари киради. Бу вакиллар ҳар уч ойда бир алмаштириб турилади. Марказдаги офицерлар минтақадаги аҳвол бўйича маълумот йиғиш ва маълумотларни анализ қилиш билан шуғулланадилар.
Ҳеч қандай шубҳа йўқки, бу тўртлик коалиция ИШИД йўқ қилингач, Ғарбга қарши иш бошлайди. Ғарб учун бу коалицини тўхтатишнинг ягона йўли – ҳозир Ямандаги шиаларга, аниқроғи, шиаларга яқин бўлган хусийларга қарши Саудия Арабистон раҳбарлигида тузилган суннийлар коалициясини қўллб-қувватлаш ва уни ҳарбий жиҳатдан кучайтиришдир.

Қарабсизки, катта шиа-сунний уруши бўлади. Бу масалада Ғарб ва Россия умумий тил топишлари ҳам мумкин. Уларнинг умумий мақсади – ҳозир жаҳонга, Ислом дунёсига ҳам, ислом терроризми номи остида хавф солишга бошлаган Халифалик яратилишининг олдини олиш. Ўзбеклар "осмонимиз тинч, биз бундай нарсаларга аралашмаймиз" деб ўйлаётган бўлсалар, калтафҳмликларини яна бир марта исботлаган бўладилар. Чунки, қонли урушлар Марказий Осиёга етиб бориши шубҳасиздир.

Аммо, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат АҚШ Президенти Барака Обамага шу йилнинг бошида ёзган хатида айтилганидек, ислом терроризмини куч билан енгиб бўлмайди, чунки, унинг илдизлари Ислом динидаги Қуръонни хато тафсиридан келиб чиқувчи тушунчаларда. Демак, ягона йўл – Ислом дини фундаментал ислоҳотлар ўтказиб дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Табиий, ислоҳотлар доирасида бошқа ўзгаришлар ҳам бўлади. Масалан, 5 маҳал номоз, рўза, ҳаж ва закот фарзликдан чиқарилиб, қилинса савоб, қилинмаса гуноҳ бўлмаган амалиётларга айлантирилади. Ана ўшандан кейингина ислом дунёсида ривожланиш бошланади, ислом дунёси ҳозирги қолоқлик ва қашшоқликдан чиқади.