22 September 2015
18:06 - Москвада митинг: Россия мухолифати уйғондими?
Россиядаги демократик мухолифат узоқ замондан бери биринчи марта 20 сентябрь куни Москвада митинг ўтказди. Митинг ташкилотчилари шаҳар марказида 40 минг кишилик митинг ўтказишга рухсат сўраб шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилгандилар, аммо ҳокимият четроқдан жой берди.

Россиядаги ҳозирги аҳволни ҳисобга олсак, шаҳарнинг Марионо туманида ўтказилган митингда 40 минг эмас, 5-6 минг одамнинг қатнашиши ҳам ғалаба деб баҳоласа бўладиган воқеа эди. Бунинг устига, Борис Немцов Кремлнинг биқинида ўлдирилгандан кейин, мухолдифат феълан лидерсиз қолгани ҳам маълум. Ҳозир лидерликни Алексей Навальний ўзига олиш учун ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди.

Митингда Алексей Навальнийдан ташқари, кўзга кўринган мухолифатчилардан Илья Яшин ва Владимир Милов бор эди. Митингнинг асосий шиори – “Ҳокимиятни алмаштириш учун! ("За сменяемость власти") сўзлари бўлди. Табиий, ҳокимият деганда Владимир Путин тушунилмоқда.

Ҳозир демократик мухолифат ўз тарафдорларининг сонини кўпайтириш учун янги ғоя ва янги шиорларга муҳтож. Якшанба куни Россияда бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда демократик мухолифат ҳеч қандай натижага эришолмади. Демак, янги ғоя ва янги шиорларга муҳтожлик даражаси яна ҳам юксалди. Кўрамиз, янги ғоя ва янги шиорлар чиқадими?