20 September 2015
09:10 - Қозоқча ва МДҲча масхарабозлик: Нурсултон Назарбой дунёдаги аҳволнинг, МДҲ эса ислом терроризмининг моҳиятини тушунмасдан бир нарсалар қилмоқчилар
Нурсултон Назарбойнинг ҳам, МДҲнинг ҳам, истаги олқишга сазовор, аммо унутмайликки, ҳолва деган билан оғиз чучимайди.

Кеча Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой Донишмандлар Кенгаши деб номланган ташкилот аъзолари билан учрашув ўтказибди. Бу ҳақда хабар тарқатган қозоқ агентликлари Донишмандлар Кенгаши деган нарса қаердан пайдо бўлганини айтмаслар ҳам, бу Кенгаш аъзолари ичида машҳур давлат арбоблари, Нобел мукофоти олган улуғ шахслар борлиги айтилади. Масалан, Исроил, Польша ва Колумбиянинг собиқ президентлари Шимон Пере, Лех Валенса ва Сесар Трухильо, Испаниянинг собиқ Бош вазири Х.Сапатеро, МАГАТЭнинг собиқ Бош директори Ал-Барадеи ва бошқалар.

Хабарларджа Қозоғистон Президенти бу улуғ шахслар билан конкрет нималарни гаплашгани айтилмайди, аммо шундай Кенгаш борлигининг ўзи масхарабозликдан бошқа нарса эмаслигини ҳар ким тушунса керак. Демак, кечагина отдан тушган қозоқларни дунёга танитиш учун учун кўп ишлар қилаётган Нурсултон Назарбой ҳам масхарабозлик касаллигидан тўла қутилолмаган. У дунёнинг келажагини тушунмоқчи бўлса, “Ҳаракат” Агентлигининг сайтини ўқиши керак.

Собиқ СССРдан мустақил бўлган давлатларнинг кўпчилигини қоғоздагина бирлаштирувчи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги масхарабозлик ташкилоти эканлигини ҳамма билади. Кеча шу ташкилотнинг қандайдир экспертлари Минскда тўпланиб, терроризмга қарши кураш бўйича баёнот лойиҳасини тасдиқлашибди. Табиий, хабарларда “ислом” сўзи ишлатилмаган бўлса ҳам, аслида, гап ислом терроризми ҳақида кетмоқда.

МДҲ давлатлари ислом терроризми ҳақида ўйлашга бошлаганлари диққатга сазовор нарса. Аммо, МДҲчилар ислом терроризмининг илдизлари ислом динининг ўзида эканлигини тушунмасдан, ёки тушунсалар ҳам, буни очиқча айтмасдан, ислом тероризмига эътибор беришни бошлаганлари жуда қизиқдир.

Бироқ, МДҲчилар ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг ўзида эканлигини тушунмасдан баёнот лойиҳаси тайёрлаган бўлсалар, бу – оддий масхарабозликдир. Ҳар ҳолда айнан шундай бўлса керак.