18 September 2015
17:35 - Қизиқ: Татаристон Президентининг инаугурацияси бўлиб ўтди
Ўтган якашанба куни Россиянинг кўпгина минтақаларида маҳаллий сайловлар ўтказилди, жумлардан, Россия Федерацияси таркибида аввал автоном республика, 1992 йилдан бери республика (давлат) ҳисобланадиган Татаристонда ҳам давлат раҳбари сайланди. Бугун яна бир муддатга сайланган Рустам Миннихановнинг президентлик лавозимига расман ўтириш маросими, яъни инаугурацияси бўлиб ўтди.

Ҳеч қандай эътиборга лойиқ бўлмаган бу воқеани “қизиқ” деб баҳолашимизнинг сабаби эса қуйидагича.

СССР парчалагандан кейин унинг таркибидаги собиқ республикалар, жумладан, Ўзбекистон мустақил давлат бўлиб қолдилар. Россия таркибида аввалдан бор бўлган турли автоном республикалар ёки миллий-ҳудудий автономиялар эса, ўзларини Россия таркибида республиклар деб эълон қилдилар ва ҳамма республикларда президентлик лавозими киритилди.

Аммо, Кремлнинг қўғирчоғи бўлса ҳам, расман номи “президент” бўлганларнинг сони Россияда кўп бўлиб кетгани Владимир Путинга ёқмади. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, айнан унинг топшириғини бажарган Чеченистон Президенти, Путиннинг малайи Рамзон Қодиров гўёки ўз ташаббуси билан Россия таркибидаги республикларнинг президентларини “республикаларнинг раҳбарлари” деб аташ таклифи билан чиқди. Тезда бу таклиф қонунлаштирилди. Энди бу республикларда президентлар йўқ, республика раҳабарлари бор.

Аммо, фақат Татаристон бу қонунга бўйсунмасдан “президент” лавозимини сақлаб қолди. Шу сабабли, бугун Қозон шаҳрида Президент Рустам Миннихановнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Қизиқ эмасми?

Хабарларга кўра, катта концерт залида ўтказилган маросимда 700 дан кўпроқ одам қатнашган. Параламент ва ҳукумат аъзолари ва Татаристоннинг кўзга кўринган одамларидан ташқари четдан келган меҳмонлар ҳам бўлган. Меҳмонларнинг ичида пичоққа илинадигани – яқинда Нурусултон Назарбой тарафидан Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланган қизи Дариға Назарбоевадир. Туркиянинг иқтисод вазири Ниҳот Зейбекчи ҳам шу ерда эканлигини катта воқеа деб айтиш қийин. Ўзбекистоннинг номи ҳеч қаерда тилга олинмаган.