17 September 2015
21:40 - Ўзбеклар яна мобил-инқироз арафасида: Ўзбекистондаги Ucell компанияси отдан тушса ҳам, эгардан тушмоқчимас
TeliaSonera нинг бугунги баёнотидан сўнг Ucell Ўзбекистондан чиқиб кетиши деярли маълум бўлди. Аммо Ucell компанияси гўё бундан хабарсиз ёки отдан тушса ҳам, эгардан тушмоқчимас. Хусусан, компания бугун тушдан сўнг оммавий ахборот воситаларига: “Ucell компанияси ўз мижозлари ва ҳамкорларини ишонтириб айтадики, компаниянинг бизнес ҳаёти бугунги кунда мутлақо ўзгармайди. Ucell мижозлари барча йўналишлар бўйича худди ҳозиргидек узлуксиз сервисга эга бўлади”, - деган баёнот тарқатди.

“TeliaSonera”нинг шўъбаси бўлган Ucell компанияси икки ой аввал Ўзбекистонда ўзининг 7 йиллигини нишонлади. Айни пайтда унинг абонентлари миқдори 8.5 млн кишини ташкил қилади. Мамлакат бўйлаб компаниянинг 22 офиси жойлашган, дилерлик тармоқлари 2 300дан ортиқ савдо пунктлари очилган, дейилади бугунги баёнотда. Аммо баёнот матнида воқеанинг асосий сабабчиси бўлган президентнинг тўнғич қизи Гулнора Карим ва унинг порахўрлигига оид бирор гап йўқ.