17 September 2015
01:43 - Америка ўз қўшинларини Сурияга олиб киришга бошлади, аммо Абдураҳим Пўлат айтганидек, ислом терроризмини куч билан енгиб бўлмайди
АҚШдаги NBC News телеканали ўз мамлакатининг Мудофаа вазирлиги расмийларига асосланиб билдиришича, америкалик пиёда қўшинлар биринчи марта Суриядаги курдларнинг Демократик Халқ Партиясига оид армияга ёрдам бериш учун ИШИД билан урушга кирибди. Хабарда бу воқеанинг бошқа тафсилотлари йўқ, аммо ҳозиргача ИШИДга ҳаводан ҳужум қилиш билан машғул бўлган АҚШнинг пиёда қўшинлари урушга кириши - у ердаги вазиятни бутунлай ўзгартириши шубҳасиздир.

Бошқа манбалардан олинган маълумотларга кўра, Демократик Халқ Партиясига оид Ҳалқни Қуриқлаш Армиясида 65 минг аскар бор. Қаранг, қандай катта армия!! Туркларнинг “Миллиёт” газетаси бу армия Туркияга қарши урушаётган туркларнинг ПККси билан ҳамкорлик қилаётганини ҳам ёзди.

Тахмин қилиш мумкинки, америкаликлар Туркия ИШИДга қарши коалицияга қўшилганидан кейин, жиддий ишлар қилади деб ўйладилар. Аммо, Туркия ҳозирча ўз ҳудудлари ичида ПКК билан овора бўлиб қолди. Бундай шароитда АҚШ ўз қўшинларини Сурия ва Ироққа киритишга мажбур бўлмоқда. Демак, ИШИДга қарши уруш яна ҳам кенгайди.

Аммо, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат АҚШ Президенти Барак Обамага юборган макутубида ҳам айтилганидек, Ислом терроризмини куч билан енгиб бўлмайди. Толибон тор-мор қилингани каби ИШИД ҳам тор-мор қилинади, аммо бошқаси ўртага чиқади. Чунки, Ислом терроризмининг илдизлари Қуръонни хато тафсир қилинишидан келиб чиқувчи тушунчаларга асослангандир. Демак, ислом терроризмини йўқ қилишнинг ягона йўли Ислом динида фундаментал ислоҳотлар қилиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципларини тан олишига эришишдир.