11 September 2015
19:22 - Маккада ҳам тинчлик йўқ, 15 ҳожиликка номзод ҳалок бўлди, террористлардан эмас, Оллоҳнинг шамолидан

Бугун Каъбанинг атрофида қурилиш ишлари олиб борилаётган жойда чақмоқ уриши натижасида қулаган қурилиш крани 15 нафар Ҳожиликка номзоднинг ўлимига ва бир туркнинг яраланишига сабаб бўлди, дейилади Туркияда чиқадиган энг катта ва обрўли “Миллиёт” газетасининг хабарида.

Ҳамма биладики, 23 сентябрда нишонланадиган Қурбон байрами муносабати билан юз минглаб Ҳаж фарзини бажариш ниятидаги мусулмонлар Маккага келмоқдалар. Уларнинг умумий сони байрам кунлари 2, 5 миллион атрофида бўлади.

Шуни айтиш керакки, “Ҳамма нарса Оллоҳдан” деб эртаю кеч гапиришдан чарчамайдиган содда мусулмонларнинг дунё қарашидан келиб чиқилса, Каъба яқинида қурилиш кранининг чақмоқ уриши ва краннинг йиқилиши натижасида ҳожи бўлиш истагидагиларнинг ўлими - Оллоҳдандир.


Тўғри, бўрон, чақмоқ каби табиий офатлар ростдан ҳам Олоҳдан. Аммо, Оллоҳ одамларга ақл берган эканми, бу ақлдан фойдаланиб, бўлиши мумкин бўлган табий офатларга тайёр бўлиш керак. Минг афсуски, мусулмонлар бундай нарсаларни ҳали тушунишга ҳам тайёр эмас. Қурилиш кранларини насронийлар яратгани каби, кранларнинг йиқилишини олдини олиш билан ҳам насронийлар шуғулланиши керак, деб ҳисбланади.