10 September 2015
00:49 - Россиянинг Жанубий Сахалин шаҳар суди Қуръоннинг бир қатор оятларини экстремистик деб ҳукм чиқарди

Жанубий Сахалин шаҳар судининг судьяси Наталья Перченко прокурор Билобровецнинг талаби билан Қуръоннинг бир қатор оятларини экстремистик деб 2 августда ҳукм чиқарган экан. Аммо, бу ҳукм ҳақида биринчи хабарни кеча русларнинг “Знаети ли Вы?” (Сиз биласизми?) номли Интернет нашрининг scisne.net сайти берди.

Расмиятчилик нуқтаи назаридан қарасак, ҳукм учун асос Қуръоннинг ўзи эмас, “Худога ибодат (дуо): Унинг мақсади ва Исломдаги жойи” (Мольба (дуа) к богу: ее назначение и место в Исламе) номли китоб бўлган. Аммо, бу китобда айнан Қуръоннинг оятларига тушунтиришлар берилгани сабабли, ҳукм феълан Қуръонга берилганини гапириш мумкин. Жумладан, “Фотиҳа” сурасига берилган изоҳ ҳам экстремистик деб топилган.

Аслида, дейди мухбиримиз, Исломнинг ўрта асрлардан аввал қилинган тафсирида хатолар борлиги, унинг янги тафсирини яратиш кераклиги “Ҳаракат” Агентлигининг Интернетдаги саҳифаларида кўп марта айтилган. Қуръоннинг тафсирига кўра, ҳар қандай давлат исломий бўлиши кераклиги, охир-оқибатда ҳамма мусулмон бўлиши кераклиги, мусулмонлар Одам Атодан бошлаб Исогача ҳамма пайғамбарларни тан олсада, амалда Муҳаммад пайғамбар ниҳоий эканлиги ҳақидаги тушунчаларнинг борлиги - бошқа динларга эътиқод қилувчилар билан мусулмонлар ўртасида ҳеч қачон битмайдиган зиддиётларга асос бўлиши ҳақида фикр юритилган.

Мана энди, Қуръoнни ёқиш, Муҳамад пайғамбарнинг қонхўр қилиб кўрсатувчи карикатуралар чизиш каби хунук амалиётлар қаторига феълан Қуръонни экстремистик деб ҳукм чиқариш ҳам қўшилибди. Буёғи нима бўлишини ҳам тахмин қилиш қийин эмас.