06 September 2015
00:56 - Тожикистондаги қонли воқеаларни тожикларнинг ўзи ҳам тушунмаётган бўлса керак

Аввалига 4 сентябрь куни Ваҳдат шаҳрида милиция бошқармасига, Душанбеда эса Мудофаа вазирлигининг марказий идорасига қуролли гуруҳлар ҳужум қилгани, ҳар бир ҳужум натижасида 4 тадан милиционер ҳалок бўлган айтилди. Кейин у ҳужумларни Мудофаа вазирининг ўринбосари, Ислом Уйғониш Партиясининг аъзоси Абдуҳалим Назарзода уюштиргани, у бир неча одами билан тоғларга қочиб кетгани хабар қилинди.

Бу қонли воқеалар бўйича на Тожикистон расмийлари, на ахборот воситалари тўла тафсилотли маълумот берганлари йўқ. Аммо, қуйидаги хабарлар ҳамма нарсани яна ҳам қориштириб юборди.

Биринчи хабар. 28 август куни Ваҳдат шаҳар милиционерлари асли ваҳдатлик, ҳозир Санкт-Петербург Университетининг талабаси бўлган соқолли, 23 ёшли Умар Бободжоновни (у каникулга уйига келган бўлса керак) соқолли бўлгани учун ушлаб кетишибди, эртасига у шаҳар уасалахонасининг реанимация бўлимига ётқизилибди. Шубҳасиз, милиционерлар уни ўласи қилиб калтаклашган (расмда). Бечора Умар баъзи хабарларга кўра, 3 сентябрь куни, бошқаларига кўра, 4 сентябрь куни кечқурун оламдан ўтган. Унинг қариндошлари эрта саҳарда милиция бошқармасига ҳужум қилиб, 4 миршабни ўлдиришган, бошқармадан қурол-аслаҳа олиб қочишган.

Иккинчи хабар. Мудофаа вазирлигида оддийроқ ишда ишлайдиган Ислом Уйғониш Партиясининг аъзоси яқинда аттестациядан ўтмасдан, ишдан бўшатилган экан. 4 сентябрда айнан у Мудофаа вазирлигининг бош идорасига ҳужум қилб, 4 кишини ўлдирган.

Бу икки воқеага Мудофаа вазининг ўринбосари Абдуҳалим Назарзоданинг (у ҳаж сафарини амалга оширгани ҳожи Ҳалим ҳам дейишади) алоқаси борлиги аниқ эмас. У нимага тоғларга қочгани ҳам номаълум. Бунинг устига, унинг укаси ўзи келиб милицияга таслим бўлган эмиш.

Одамлар ҳалок бўлаётгани ачинарли воқеалардир. Аммо, кўринишидан, Тожикистоннинг давлат сифатидаги аҳволи ҳам ўта ачинарли.