05 September 2015
12:45 - Мисрда Араб баҳори битди, кузи бошланмоқда, Ўзбекистонда баҳорни кутган аҳмоқлар қани?

Мисрда янги парламент сайловлари тайинланди. Бу мамлакатда эскидан шундай қилинади – вилоятлар иккига бўлиниб, ҳар бирида сайловлар бошқа-бошқа кунлар ўтказилади. Бу йилд 14 та вилоятда сайловлар 18-10 октябрь кунлари, қолганларида 21-22 ноябрь кунлари бўлади.

Маълумки, 2010 йилнинг охири ва 2011 йилнинг бошларида бошланган Араб баҳори номли жараёнлар натижасида Мисрнинг диктатор-президенти Ҳусни Муборак йиқитилгандан кейин ўтказилган биринчи етарлича демократик сайловларда “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатининг вакили Муҳаммад Мурси президент бўлиб сайланганди. Аммо, 1 йил ўтар-ўтмас, у Мисрни исломлаштириш йўналишида иш олиб боргани сабабли, ҳарбийлар тарафидан йиқитилди ва Ҳусни Муборак замонини эслатувчи сайловлар воситасида ҳарбийларнинг одами Абдул Фаттоҳ ас-Сиси янги президент бўлиб олди. Шундан кейин исломчиларнинг “Мусулмон-қардошлар” ҳаракати раиси Муҳаммад Бадига, кейин Муҳаммад Мурсининг ўзига ҳам ўлим жазоси берилди. Шу билан Миср дунёвий давлатчиликни тўла тиклаб олди.

Мана энди янги парламент ҳам сайланади, Араб баҳори жараёнларига Мисрда ниҳоий нуқта қўйилади. Таъбир жоиз бўлса, Мисрга Араб кузи келди, дейиш мумкин.

Ўқувчиларимизнинг эсида бўлса, дейди мухбиримиз, Араб баҳори бошланганда ва ўзбекнинг ақлсиз мухолифатчилари “Бу каби баҳор бизга ҳам тезда келади” деб ҳайқиришга тушганда, “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги бундай фикрга қўшилмаганди. Бизга кўра, ўзбек миллати ҳозир на бугуни на келажагини ўламайдиган аҳволда. Ўзбекларнинг мутлақо кўпчилиги овқат ейиш ва туалетга боришдан бошқа нарса билан қизиқмайди.

Ўзбекларнинг энг камида пичоққа илинадиган бир қисми миллат сифатини тиклаб олгандан кейингина Ўзбекистонда ўзгаришлар кутиш мумкин. “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг мақсади айнан шунга эришиш.

Акс ҳолда, Ўзбекистоннинг ички муаммолари бомбага айланиб, ўз-ўзидан портлаш бўлади. Ана ундан кейин, масалан, Ливия ва Сурияда бўлаётгани каби, қирғин-барот қонли воқеалар бошланади, юз минглаб одамлар ҳалок бўлади, сўнгра жараёнлар бутун Марказий Осиёга ёйилади.