02 September 2015
14:45 - Расмий ташриф билан Хитойга келган Қозоғистон Президентини ҳайрон қолдирган нарса ва қозоқ космонавтининг бугун фазога учирилиши
31 августда Хитойга расмий ташриф билан келган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой Хитой Халқ Республикаси раҳбари (президенти дейиш мумкин) ва Бош вазиридан ташқари жуда кўп бизнесс-компанияларнинг раҳбарлари билан учрашди, умумий ҳажми $23 млрд бўлган қўшма лойиҳалар бажариш ҳақида шартномалар имзолади. У 3 сентябрда Хитойнинг Япония устидан ғалабасининг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этади ҳам. Бу тантаналарга Ўзбекистон Президенти ҳам таклиф қилинган.

Кеча Пекинда қозоғистонлик мухбирлар билан учрашган Нурсултон Назарбой бу ташриф доирасида ўзини энг кўп ҳайрон қолдирган нарсани айтибди, унинг айтганлари ҳар бир одамни ҳайрон қолдиради.

Казинформ агентлигига кўра, мени энг кўп ҳайрон қолдирган нарса, дебди Нурсултон Назарбой, Пекинни 3 сентябрь байрами олдидан шунчалик тозалаганлари, ўша куни пекинликларни ишга боришдан ҳам озод этганлари ва шу каби тайёргарликлар.

Ҳарҳолда тахмин қилиш керакки, Хитой раҳбарлари ва бизнессменлар билан учрашувларнинг натижаларидан жуда хурсанд бўлган Нурсултон Назарой кўпроқ ичволган бўлса керакки, уни ҳамма нарсадан кўпроқ Пекиннинг байрам учун тозалангани ҳайрон қолдирибди ва шу билан унинг ўзи ҳайрон қоладиган аҳволга тушибди.

Аммо, бугун қозоқлар учун асосий воқеа Нурсултон Назарбойнинг ҳали ҳам давом этаётган Хитойга ташрифи бўлмади. Бугун эрталаб Бойқўнғир космодромидан русларнинг “Союз” ракетаси Гагариннинг учишидан бошлаб ҳисобланса 500-ча марта фазовий кемани фазога олиб чиқди. Фазовий кемада 3 космонавт бор. Уларда бири - Қозоғистоннинг вакили тадқиқотчи-космонавт Айдин Аимбетов. Кема капитани – россиялик Сергей Волков, бортинженер - Даниянинг биринчи космонавти Андреас Могенсен.

Бу кема, табиий, Халқаро Фазовий Станцияга бориб туташади, бу уч космонавт у станцияда ишлаётган космонавтларга қўшилади. 12 сентябрда эса, Айдин Аимбетов, Андреас Могенсен ва шу пайтгача Халқаро Фазовий Станцияда бўлган рус космонавти Геннадий Падалка Ерга қайтишади. Шу куннинг ўзи Остонада Нурсултон Назарбойнинг ҳам иштирокида бу 3 космонавтни тантанали кутиб олиш маросими бўлади. Бу қозоқлар, бутун турк халқлари учун жуда яхши воқеа эканлиги табиий. Нурсултон Назарбой эса, Пекин тажрибасидан келиб чиқиб, Остонани ҳамма меҳмонлар ҳайрон қоладиган даражада тозалатса керак.