02 September 2015
07:35 - Нью-Йорк фондлар биржасини Хитой ураверса, АҚШдек давлатнинг иқтисоди Хитойга боғлиқ бўлиб қолдими?
Маълумки, фондлар биржаси, қўполроқ қилиб айтсак, қимматли қоғозлар, биринчи навбатда, турли ширкатларнинг акциялари олиб-сотиладиган бозордир. Дунёда 18 та фондлар биржаси бор, уларнинг биринчиси Нью-Йорк биржаси ҳисобланади. Нью-Йорк фондлар биржасининг асосий кўрсатгичи Dоw Jones индекси АҚШдаги энг катта 30 ширкат акцияларининг ўртача қийматини ўзида акс эттиради. Бу индексниннг юқорилиги, акциялар нархининг баландлигини, демак, маълум маънода, мамлакат иқтисоднинг юксаклигини кўрсатади.

Август ойининг иккинчи ярмида Нью-Йорк фондлар биржасининг асосий кўрсатгичи Dоw Jones индекси1,5 минг поғанага тушиб кетди. Америкалик мутхассислар бундай тушиш Хитой иқтисодидаги салбий ҳодисaлар, жумладан, Хитой юанининг девалвация қилиниши туфайли бўлаётганини гапиришди. Хуллас, АҚШга иқтисодий кризис қайтадан келаётганга ўхшаб кўринди.

Ўшанда “Ҳаракат” Агентлиги “АҚШдек давлатнинг иқтисоди Хитойга боғлиқ бўлиб қолдими?” деган саволни қўйиб, бунга ҳали жавоб йўқлигини таъкидлаганди.

Кеча Dоw Jones индекси яна сал кам 500 поғана пастга шўнғиди, энди у16058 га тенг. Ваҳолангки, бир ойча аввал у 18,351 гача чиққан эди. Демак, Dоw Jones индекси сал кам 2 минг 300 поғанага тушиб кетди. Буни навбатдаги кризиснинг бошланиши деб ҳам изоҳлаш мумкин. Кечаги тушишнинг сабаби сифатида яна Хитой кўрсатилди. Хитой иқтисодида бўлаётган салбий жараёнлар бутун дунё иқтисодидаги ўсишни секинлаштириши мумкин эмиш. Иқтисод ўсишини секинлашиши эса, табиий акцияларнинг нархини туширади.

Тўғри, Хитой ўз иқтисодининг кучи билан дунёда иккинчи ўринда туради. Унинг йиллик Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми 7,318 триллион долларга тенг. Аҳолиси Хитойдан 4 баравар кам бўлган АҚШнинг йиллик Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми эса 16,724 триллион доллар(!!!). Яъни, Хитойдан 2,3 баравар кўп. Киши бошига ЯИМ Хитойда бор-йўғи 6,569 минг доллар, Ўзбекистондек қашшоқ давлатдан 3,5 баравар катта, Қозоғистондан эса 2 баравар кам. АҚШда киши бошига ЯИМ ҳажми 50 минг доллар. Яъни, киши бошига ЯИМ ҳажми бўйича Ўзбекистон Қозоғистонда 8 баравар орқада бўлгани каби, Хитой АҚШдан 8 баравар орқада.

Рақамлар шундай экан, АҚШ иқтисодининг кўрсатгичи бўлган Dоw Jones индекси Хитойдан шунчалик таъсирланадими? АҚШдек давлатнинг иқтисоди Хитойга боғлиқ бўлиб қолдими?

Бундай саволларга жавоб бериш мутахассисларнинг, АҚШ сиёсатчиларининг вазифаси. Лекин, бугуннинг реалликлари шундан иборатки, нима бўлганда ҳам бутун дунё Нью-Йорк фондлар биржасининг асосий кўрсатгичи Dоw Jones индекси билан яшашга мажбур.

Айнан шу сабабдан, авваллари кўп марта айтилган фикримизни яна бир марта қайтариш фойдали деб ҳисоблаймиз.

АҚШда ишлаётган ўзбеклар ҳам, бошқа мамлакатларда яшаётган ўзбеклар ҳам, фондлар бозорида кетаётган жараёнлар билан қизиқишлари, қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўзга кўринмайдиган Dow Jones каби индекслар билан яшашни ўрганишлари, пулларини фақат банкларда эмас, фондлар бозорининг акцияларида ҳам сақлашни ўрганишлари лозим.

Ўзбекистондаги ота-оналарга ёрдам бериш шарт, аммо у ерга ортиқча пул юбориш ўзбекларнинг душмани бўлган мавжуд режимга хизмат қилиш ва пулни сувга оқизишдир. Ўзбеклар чет элларда ҳам ош ейиш ва Ўзбекистонга пул юборишдан ташқари, ишлаётган мамлакатларида пул йиғиб, кичкина бўлса ҳам ўз бизнесларини очиш устида ўйласалар, фойдали бўлади.

Айнан шундай одамлардан кейинчалик катта бизнесменлар чиқади. Ана ундан кейин Ўзбекистонда ҳам бизнес очишни ўйлаш мумкин. Акс ҳолда, бутун дунёни мардикорлар билан тўлатиб юраверамиз.

Расмда - Нью-Йорк фондлар биржаси ҳам жойлашган машҳур Wall St (Уолл-стрит).