29 August 2015
16:38 - Нурсултон Назарбой Қозоғистонга янги ном берди – Буюк Дашт Давлати. “Ҳаракат” нима дейди?

Кеча Остонда ўтказилган “Конституция: бирлик, барқарорлик, фаровонлик” номли илмий-амалий конференцияда нутқ сўзлаган Қозоғистон Президенти ўз мамлакатини “Буюк Даш Давлати” деб ҳам аташ кераклигини айтди, дейилади Казинформ агентлигининг хабарида.

Агентлик Нурсултон Назарбойнинг бу ҳақдаги сўзларини тўла келтиради: “Биз “Буюк Дашт Давлати” деб аталишимиз керак деб ўйлайман. Баъзилар ўзларини “Фалак ости Давлати”, бошқалари “Қуёш Чиқадиган Давлат” деб аташади. Биз – буюк даштнинг фарзандларимиз. Биз учун бу ерларни сақлаб қолиш мақсадида аждодларимиз даштни ҳимоя қилганлар, қон тўкканлар. Ўйламанки, биз “Қозоғистон” номи билан бирга “Буюк Дашт Давлати” номини ҳам ишлатсак, тўғри бўлади.”

Эслатиб ўтиш керакки, дейди мухбиримиз, “Фалак ости Давлати” деб хитойликлар Хитойни айтадилар, японлар эса Японияни “Қуёш Чиқадиган Давлат” ҳам дейдилар.

Аммо, бу мавзунинг ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайдиган муҳим жиҳати бор. Маълумки, бир неча йил аввал Нурсултон Назабой “Марказий Осиё Бирлиги” яратиш таклифи билан чиққанда, унинг лаганбардорлари уни мадҳ этишга бошладилар. Ўшанда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Центразия сайтида рус тилида мақола эълон қилиб, йиллардан бери “Марказий Осиё Бирлиги” яратиш кераклиги ҳақида айтиб келаётганини фактлар билан кўрсатиб берди ва Қозоғистон Президенти ҳам шу йўналишда ўйлаётганидан хурсандлигини билдирди. Шундай кейин Нурсултон Назарбой нима учундир ўз таклифини унутди.

Ўйлаймизки, “Буюк Дашт Давлати” ҳақида ҳам баъзи фикрлар айтилса, қозоқлар бу атамани ҳеч ишлатмайдилар. Лекин, бизнинг мақсадимиз бунга эришиш эмас.