23 August 2015
18:12 - Ўзбек шоири, собиқ сиёсий маҳбус Юсуф Жуманинг АҚШ Конгресси ва Адлия вазирлигига очиқ хати

АҚШ Конгресига
АҚШ Адлия вазирлигига

Жаноблар!

АҚШ қонунчиларининг Ўзбекистон диктаторининг катта қизи Гулнора Каримованинг бир миллиард доллардан ортиқ пора олгани юзасидан этаётган текширувлар АҚШ адолатидан нишонадир. Бу текширувлар охирига етиши ва жиноят содир этганлар Ўзбекистонда эмас, АҚШда суд этилмоғи даркор.

Париж Суди тарафидан диктаторлиги тасдиқланган Президант Ислом Каримов қарийб ўттиз йилдан буён бундай ноқонуний ишлар билан машғул. Ўзбекистонда Каримовнинг рухсатисиз ҳатто қизи ҳам бирор бир масалани ҳал қилолмайди. Демак, бу поралар учун энг аввало Ислом Каримов Суд олдида жавоб бермоғи керак.

Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова ҳам АҚШ ва Оврўпадан бир неча ўн миллионлик виллаларни сотиб олган.

Маоши қанча?!

Бунча миллионларни қаёқдан олмоқда?!

Бизнеси бор дейиш мумкин, Ўзбекистонда уларнинг бизнеслари халқни талашдан иборат. Ўзбекистонда бутун халқ қул ва мардикор. Ўзбек халқининг мулки бўлган ер ости бойликлари Россия хазинасига ва Каримов оиласи хазинасига оқмоқда.

Лола Каримованинг ҳам АҚШ ва Ёвропадаги виллалари дарҳол ҳибсга олиниши, текширувлар ўтказилиши зарур.

Диктатор Ислом Каримов ва қизлари Лола ва Гулнора Каримовалар АҚШ ва дунё қонунлари олдида жавоб бериши лозим.

Юсуф Жумаев
шоир, ёзувчи, собиқ сиёсий маҳбус
08.16.2015 йил