22 August 2015
15:33 - Ўлимга ҳукм қилинган “Мусулмон-қардошлар”нинг лидери бечора Муҳаммад Бади яна бир марта умр бўйи қамоқ жазоси ҳам олди
Аl-Аrabiya агентлигининг инглизча саҳифасидага хабарга кўра, Мисрдаги “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатининг лидери Муҳаммад Бади ва бир неча сафдошига умр бўйи қамоқ жазоси берилди. Уларнинг айби – 2012 йили бу ҳаракатнинг номзоди сифатида президентликка сайланган Муҳаммад Мурси 2013 йилда армия тарафидан йиқитилгандан кейин уюштирилган зўравонликларни, хусусун, полиция бўлимларига ҳужумларни бошқариш ҳисобланмоқда.

Аввал ҳам хабарларимизда айтилганидек, Муҳаммад Бади ҳам, Муҳаммад Мурси ҳам, бир неча марта ўлимга ва умр бўйи қамоққа ҳукм қилингандилар. Мана энди яна битта жазо қўшилибди. Reuters агентлигига кўра, бу Муҳаммад Бадига берилган 6-чи умр бўйи қамоқ жазоси экан.

Муҳаммад Бадига шу йил 16 мартда берилган навбатдаги ўлим жазоси ҳақида “Ҳаракат” сайтида 17 март куни берилган қуйидаги таҳлилни қайтаришдан фойда бор:

“Асосий мақсади Мисрни исломий давлатга айлантириш ва сионизмни йўқ қилиш бўлган бундай ҳаракатнинг келажаги йўқлигини аввалдан тахмин қилса бўларди, дейди мухбиримиз. Яна тахмин қилиш қийин эмаску, “Мусулмон-қардошлар” ҳаракати йўқ қилинса ҳам, ахир бир кун бошқаси ўртага чиқади. Чунки, Қуръоннинг хато тафсирига кўра, ҳар қандай давлат исломий бўлиши керакми, демак, айнан Қуръоннинг амрини бажо келтириш учун ўлимга ҳам тайёр бўлганлар ҳар доим бўлади.

Қуръон янгидан тафсир қилиниб, Ислом дунёвийлик/секуляризм приниципини қабул қилмагунча, яъни давлат исломий бўлиши кераклиги ҳақидаги хато иддаосидан воз кечмагунча, мусулмонлар беҳуда қурбон бериб, аммо ҳеч нарсага эришолмай қолаверадилар. Чунки телефон - алоқа воситаси, автомобиль - транспорт воситаси бўлгани каби, давлат - жамиятни бошқариш воситасидр. Бу воситалар принцип ўлароқ исломий бўлолмайди.”