21 August 2015
22:13 - Юсуф Жума: Садоқатли эл ҳақида ривоят


Фармон берди қадимда
Бир мустабид, ҳукмдор.
Ҳар ким ўз дарвозаси
Олдида тикласин дор.

Оилада қай кимса
Отами, она, фарзанд.
Менга қарши сўз айтса
Оила осиши шарт.

Бу садоқат тимсоли
Подшога, салтанатга.
Ҳар оила кўрсатсин
Фидолигин давлатга.

Осилган ўша дорда
Калхатларга бўлсин ем.
Давлатнинг хоинлари
Дорларда қолсин муқим.


Лекин бу дор ёнидан
Янги дор тикланг баланд.
Оила оссин хоин
Отами, она, фарзанд.

Ҳукмдорнинг фармони
Дарҳол этилди ижро.
Кўп вақт отмай бор дорда
Майитлар бўлди пайдо.

Тағин дорлар ёнидан
Дорлар тикланди дарҳол.
Подшосига миллатнинг
Садоқати безавол.

Юрт дорларнинг ўрмони,
Беҳад мамнун ҳукмдор.
Ҳар дарвоза олдида
Майитли дорлар қатор.

28 июл 2015 йил