21 August 2015
16:32 - АҚШ Конгресси қуйи палатаснинг спикери Барак Обамани Украинага етарлича ёрдам бермасликда айблади

“Америка Овози” радиосининг русча хизмати АҚШ Конгресси қуйи палатаси – Вакиллар Уйи спикери Жон Бейнернинг идораси Барак Обамани Украинага етарлича ёрдам бермасликда айбловчи электрон хат тарқатибди. Ҳеч шубҳа йўқки, бу хат Жон Бейнернинг топшириғи билан тарқатилган ва унинг бу масала бўйича позициясини ўзида акс эттиради.

Обамага қўйилаётган асосий айб – Украинага летал (ҳужумкор, душманнинг жонли кучларини йўқ қилишга мўлжалланган) қурол-аслаҳа берилмаятгани. “Оқ Уй Украинани ташлаб кетди” номли электрон хатда қуйидаги фикрлар бор: “Россия Украинага ҳужумларини давом эттирмоқда, АҚШ бу давлатни қўллаб-қувватлаши ва унга летал қурол бериши керак. Мудофаа вазири Эштон Картер ҳам Украинага муҳим ёрдам бериш кераклигини айтмоқда. Аммо, Президент Обама ҳозирча бунга йўл бермаяпти, ваҳолангки, у 2014 йилнинг декабрида Украинанинг эркинлигини қўллаб-қувватлаш Актига қўл қўйган. Минг афсуски, Обаманинг маъмурияти иттифоқчиларимизга ёрдам беришдан кўпроқ, душманларимиз билан дўст бўлиш масласига кўпроқ эътибор бермоқда”.

Маълумки, ҳозир АҚШ 2016 йилда бўладиган президентлик сайловлари арафасида, сайлов олди кампанияси тўла ишга тушган, дейди мухбиримиз. Вакиллар Уйига республикачилар Партиясининг номзоди сифатида сайланган Жон Бейнер ҳам шу сайлов олди камапаниясига кириб бўлган. Унинг идораси ходимлари тарафидан тарқатилган хат айнан шу кампания ичидаги ҳаракатлардан биридир.

Аммо, бу нарса бу хатнинг кучини камайтиролмайди. Ростдан ҳам Президент Обама Украина-Россия конфликти масаласида ортиқча эҳтиёткорлик, балки, сусткашлик қилмоқда. Аслида, кейинги сайловларда республикачи номзод президент бўлиб сайланса ҳам, ташқи сиёсатда катта ўзгариш бўлмаса керак, аммо бугунги ваъдалар таъсирида республикачи президент Россияга қарши агрессивроқ ҳаракат қилишга мажбур бўлади.

Шуни ҳам айтиш керакки, хатдаги “душманларимиз билан дўст бўлиш масласига кўпроқ эътибор бермоқда” сўзлари яқинда Эрон билан унинг ядровий программалари бўйича тузилган шартномага имо-ишора қилмоқда. Республикачилар бу шартномани ўзлари кўпчилик овозга эга бўлган Конгрессдан ўтказтирмасликка ваъда бермоқдалар. Агар шундай қилолсалар, дунёнинг қутблашиш жараёнларида катта ўзгаришлар бўлиши муқаррар.