19 August 2015
22:16 - ЭШИТМАДИМ ДЕМАНГЛАР! ПАХТА-2015: ОММАВИЙ САФАРБАРЛИККА ЧАҚИРИҚ БОШЛАНДИ! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №27, 16.08.2015)
Шу йилнинг 15 август куни Сирдарё вилояти “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати 2015 йилги пахта йиғим-теримига сафарбарлик бўйича аҳолига чақириқ қоғозлар тарқатишни бошлади. Кўринишидан пахта йиғим-терими ҳар йилгидек мажбурий ҳашар эвазига ташкил қилинади. Ҳолбуки, шу йилнинг 8-9 июль кунлари БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида ҳисоб берган Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта йиғим-терими замонавий пахта териш машиналарида амалга оширилишини таъкидлаганди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими фаолларига кўра, ҳашарга чақириқ тарқатилган куни вилоятга Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёев келган, пахта теримига оммавий сафарбарликни эълон қилган. Жамиятимизнинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев Мирзаобод тумани “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва посбонлари воситасида уйидан чиқарилмаган.

Ҳолбуки, жамиятимизнинг Сирдарё вилояти бўлими фаоллари мамлакатимиздаги барча ҳуқуқ ҳимоячилари орасида мажбурий меҳнат, болалар меҳнати эксплуатацияси масалаларида фаоллиги билан ажралиб туради. Бинобарин бу ҳола Сирдарёдаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакилларига маълум бўлиб, улар турли йўллар билан ҳамкасбларимизни чеклашга уриниб келишмоқда.

Шунингдек, пахта теримига оммавий сафарбарлик чақирувлари тўғрисидаги хабарлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти бўлимларимиз фаолларидан ҳам келиб тушмоқда. Мазкур вилоятларда ҳам юқорида номлари зикр қилинган жамоат ташкилотлари томонидан ахолига пахта теримига тайёргарлик масаласида чакириқ варақалари тарқатилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти БМТга мамлакатдаги мажбурий ва болалар меҳнати борасида ҳисобот тақдим қилган Ўзбекистон ҳукумати делегацияси раҳбари, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимовни юқорида номи тилга олинган жамоат ташкилотларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан изоҳ беришга чақиради.