17 August 2015
21:26 - Террор оддий воқеага айланмоқда: Таиланднинг пойтахти Бангкокда 27 киши ҳалок бўлди
Жаҳоннинг диққат-эътибори бугун Таиланднинг пойтахти Бангкокда. Шаҳарнинг энг говжум жойларидан бири, туристлар кўп бўлган Эраван Шрайн ибодотхонаси олдида бомба портлатилиши натижасида 27 киши ҳалок бўлди, ярадорлар жуда кўп. Уларнинг кўпчилиги Хитой ва Тайвандан келган туристлар.

Аҳолисининг 5-6 фоизи мусулмон бўлган Таиландда, қўшни Малайзиядан фарқли ўлароқ, исломий муаммолар ҳеч қачон бўлмагани сабабли, ҳеч ким Бонгкокдаги терактдан исломий илдиз қидираётгани йўқ.

Бу давлат ҳукуматининг расмийларига кўра, террорчиларнинг мақсади - мамлакатнинг иқтисоди ва ривожланган туризмнинг оёғига болта уришдир.

Нима бўлганда ҳам, террор оддий нарсага айланиб бораётганини тан олиш, унга кўникиш кераклиги ҳақидаги чақириқ эмас. Аксинча, унга қарши кураш бошқа савияда бўлиши кераклигини урғулашдир, дейди мухбиримиз.