15 August 2015
16:42 - Хитойга нима бўлди? Иқтисод тушишга бошлади, ёнувчан материаллар омборидаги портлашлар натижасида ўлганлар сони 85 дан ошди!

Жаҳон хабар агентликлари 12 дан 13 августга ўтар кечаси Хитойнинг Тянцзин порт шаҳридаги тез оловланадиган ёнувчан материаллар омборида бир неча портлаш бўлгани, ҳозигача ўлганлар сони 85 дан ошгани, мингга яқин ярадор борлигини узлуксиз хабар қилмоқдалар.

Бу каби омборларда жуда катта ҳалокатларга олиб келмайдиган портлашлар бўлиб туриши оддий ҳолга айлангани сабабли, “Ҳаракат” бу воқеага эътибор ҳам бермаган эди. Ҳозир маълум бўлмоқдаки, Тянцзинда жуда катта талофатларга олиб келган мудҳиш портлаш юз берган. Омборни қўйиб туринг, унга яқин бўлган жойлар бутунлай вайрон бўлган, шаҳарнинг узоқ нуқталаридаги уйлар ҳам зарар кўрган.

Портлашларнинг кучи 21 тонна тротилга тенглиги айтилмоқда. Омборда кўп миқдорда ўта токсик (заҳарли) натрий цианиди ҳам бўлгани сабабли, шаҳар аҳолисининг катта қисми у ёки бу даражада заҳарлангани ҳам тахмин қилинмоқда.

Бундай мудҳиш воқеа Хитой иқтисоди жиддий ўлчовда оқсашга бошлаган вақтга тўғри келгани ҳам эътибордан четда қолмаслиги аниқ. Аслида, бу икки воқеа бир-бири билан боғланмаган, аммо уларнинг биргаликда келиши Хитойнинг имижига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.