10 August 2015
07:51 - Аҳамияти йўқ хабар: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ИШИДга қўшлибди
Яқинда Афғонистонда иш бошлаган мухбиримиз хабар қилишича, бу ерда яшайдиган ўзбеклар ичида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) шу пайтгача сафдоши бўлган Толибондан воз кечиб, ИШИДга қўшилганмиш деган гаплар юрибди. Бўлиши мумкин, чунки, ЎИҲдан жиддийроқ қадам қилишни кутишнинг ўзи ножиддийлик бўларди. Қолаверса, ИШИД ҳам, ЎИҲ ҳам, улар алоҳида бўлса ҳам, бирлашса ҳам, Ғарб тарафидан йўқ қилиниши ўз-ўзидан маълум.

Аммо, тарихни эслайлик. Ҳали ЎИҲ тузилмасидан, унинг асосини ташкил қилувчи гуруҳ 1992 йилиёқ Тоҳир Йўлдош ва Жума Наманганий раҳбарлигида Тожикистондаги исломчиларга бориб қўшилди. Руслар 201-чи дивизияларини Тожикистонга юбориб, тожик исломчиларини Тоҳир Йўлдош ва Жума Наманганийлар билан биргаликда Тожикистонда улоқтирдилар. Кейинчалик тожик исломчилари Ислом Каримнинг ташаббуси билан ҳокимиятга келтирилган Имомали Раҳмон ҳукумати билан келишдилар, тўғрироғи тиз чўкдилар. Аммо, Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний Толибонга қўшилишдан бошқа йўл тополмадилар.

Толибон Абдурашид Дўстим қўли остидаги Мозори-Шарифни ўзбекдан чиққан сотқинлар ёрдамида босиб олгач, Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний айнан шу шаклда, яъни ўзбекнинг ичидан чиққан сотқинлар ёрдамида Ўзбекистонни ҳам босиб оламиз деб ҳаёл қилдилар. Тоҳир Йўлдош айнан шу ҳаёл билан 1996 йили Истанбулга бориб, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатни ўзлари тарафга оғдирмоқчи бўлди ва бўлажак исломий Ўзбекистон давлатида президентлик лавозими ваъда қилди. Фақат бир шарт билан – Мудофаа вазири Жума Намангоний бўлади.

Абдураҳим Пўлат “Биз орқасида Толибондек реакцион куч турганлар билан ҳеч қачон бирга бўлмаймиз” деганидан кейин, айнан шу таклиф ўзбекдан чиққан сотқин ҳаромий Салой Мадаминга қилинди, у табиий рози бўлди.

Шундай қилиб, Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний “Эрк” партиясининг раиси Салой Мадаминнинг маънавий дастаги билан 1999 йил 16 фералда Тошкентдаги портлашларни уюштирдилар. Уларнинг жангарилари Ўзбекистон тоғларида озгина уруш ҳам қилиб кўрдилар, ҳеч нарса қилолмадилар.

АҚШ раҳбарлигидаги НАТО кучлари 2001 йилнинг охирида террорга қарши уруш қилиш учун Афғонистонга кирганларидан кейин, тез бўлмаса ҳам, Толибон, Ал-Қоида ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати феълан йўқ қилинди. Уларнинг майда-чуйда гуруҳлари Афғонистон ва Покистонда бир нарсалар қилиб юрганларининг энди ҳеч аҳамияти йўқ. Худди шунга ўхшаб, ЎИҲнинг ИШИДга қўшилиши, агар бу гап рост бўлса, ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. “Эрк” Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийга қўшилиб нима бўлгандики, энди ЎИҲнинг ИШИДга қўшилиши нима бўларди?