05 August 2015
22:49 - Самарқанд вилоятида ноқонуний қурол ови бормоқда
Маҳаллий матбуотда пайдо бўлган хабарга кўра, шу кунларда Самарқанд вилояти милицияси томонидан вилоятда ноқонуний тарзда ўқотар қурол сақлаш ҳолатларини аниқлаш ҳамда қурол сақлашга рухсати бўлган овчиларни ҳисобга олиш бўйича махсус операциялар амалга оширилмоқда экан. Маълумотларга мувофиқ, шу йилнинг дастлабки ярмида вилоят ички ишлар муассасалари томонидан ноқонуний тарзда ўқотар қурол сақлашнинг 84 та ҳолати аниқланди. Бу ҳолатлардан 45 тасида қурол эгалари уларни ўз хоҳишлари билан тегишли муассасаларга топширишган. Ов қуролларини топширмаганлар эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Милиция ва маҳаллаларнинг етакчилари аҳолига уйда ноқонуний тарзда қурол сақланаётган бўлса, қурол эгаларига тегишли чоралар кўрилиши билан пўписа қилишяпти. Чунки ноқонуний тарзда қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмаларга эгалик қилганлик учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддасига кўра 50 та минимал иш ҳақи миқдорида жаримага тортишдан тортиб 6 ойгача ҳибсда ушлаб туриш, ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.