29 July 2015
20:53 - Ўзбекистон Афғонистонга мактаб қуриб берибди, у мактаб қайси тилда дарс беради?

Коммунистик мафкура ғалаба қилган мамлакатларда Совет Иттифоқи мактаблар қуриб берар, ўзи муҳтож бўлган ислоҳотларни ўзга мамлакатда жадалаштиришга уринарди. Оқибатини кўрдик, Иттифоқдан кулгили сиёсат мерос қолди. Ана шу йўлни давом эттираётган Ўзбекистон жафокаш афғон халқига мактаб қуриб берибди. Ўзбекистон маблағлари ҳисобига қуурилган мактаб ҳақида ўзбекистонлик Шуҳрат Барлос деган олимнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида баён қилинган.

Унинг ёзишича, Балх вилояти, Мозори Шариф шаҳридаги бу янги мактаб "Ўзбекистон темир йўллари" Давлат акционерлик компаниясига тегишли "So'g'diyona Trans" корхонаси томонидан 2014 йилдан бери қурилаётган ва эндиликда бу ўрта таъли мактаби Афғонистон Маориф вазирлигига фойдаланишга топширилган.

Саҳифага жойлаштирилган суратлардан бирида мактабга кириш қисмидаги ёзув акс этган бўлиб, унда ўзбек тилида, араб ва лотин ёзувларида «Ушбу мактаб Ўзбекистон халқидан Афғонистон халқига совға сифатида 2014 йилда қурилган», деб ёзилган.

“Ҳаракат” сайтида шу йил 8 июлда афғонистонлик ўзбекнинг хати эълон қилинганди. Исмини кўрсатмаган ўқувчимизнинг ёзишича, тахминан 5 миллион ўзбек яшайдиган Афғонистонда биронта ўзбек тилида дарс берадиган мактаб йўқ. Ўзбеклар ҳаётда ҳам форс тилида гаплашишга мажбур бўлиб, ўз тилларини унутмоқдалар. Ўзбекистон Афғонистонда мактаб қуриб берган экан, бу мактабда ўзбекча дарс берилишини ҳам талаб қилиши керак.