27 July 2015
18:52 - Ўзбекистонда озиқ овқат саноати гуллаб-яшнамоқда, албатта, Ислом Каримнинг оқилона сиёсати туфайли

Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитасининг мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ошгани ҳақидаги рақамларини кўпиртириб мақолалар қилган маҳаллий газеталар бу ислоҳотларнинг бош омили Ислом Карим ва унинг буюк даҳоси эканига урғу беришган. Жаҳон иқтисодиёти киризиси даврида мамлакатни ўсиш билан олиб чиққан бу доно сиёсатчининг омилкорлиги туфайли мамлакатда гўшт консерваларини ишлаб чиқариш 3,2 баробарга, шакар ишлаб чиқариш 1,5 баробарга ошибди.

Буни қарангки, айнан шу турдаги маҳсулотлар миқдори мамлакатда кўпайгани сари унинг нархи ошиб бормоқда. Бозор иқтисодиётининг олтин қоидасига хилоф бўлган бу вазиятни “ўзбек модели” деб аташмоқда.

Шунингдек, Статистика Қўмитаси қисқа муддат сақланадиган нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш 21,2 фоизга, сариёғ 17,7 фоизга, биринчи навли ундан ёпилган буханка нон 11,6 фоизга ошганини билдирган. Бозорларда эса ун, гўшт ва ёғ нархлари сезиларли тарзда қимматлашмоқда.

Ўзбекистонда ўртача ойлик 90 доллар, Қозоғистонда 700 доллар эканлиги, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олиши каби фактлар соясида Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси тарқатаётган рақамлар одамда фақат кулги, Ислом Каримга нисбатан эса нафрат уйғотади, холос.