24 July 2015
06:15 - Туркия ИШИД билан урушга кирди ҳисоб
Бу мамлакат ахборот воситалари билдиришича, кеча Туркиянинг Сурия билан чагарасидаги Килис шаҳри яқинларида Туркия аскарлари билан чегаранингш Сурия тарафида ҳукмронлик қилаётган ИШИД жангарилари ўртасида 3 соатлик отишма бўлган. Туркларнинг ва ИШИДнинг биттадан аскари ўлган. Турк аскарларидан яна бир нечтаси яралангани ҳам айтилмоқда.

Ўша жойларда Сурия тарафи - ИШИД қўлида бўлган Ҳалеп вилоятининг Азез тумани бўлиб, у тарафда ўлганларнинг сони кўпроқ бўлса кeрак деб тахмин ҳам қилинмоқда.

Туркия қўшинларининг ўша минтақалардаги қўмондони ҳозир Килис шаҳрида. Кечаси ҳам отишмалар бўлибди, аммо бу ҳақда тафсилотли хабарлар йўқ. Туркия Ҳаво қўшинларига урушга тайёр бўлиш бўйруғи берилибди.

Ҳа, Туркия камида 3 ўт орасида ёнмоқда. Бир тарафдан, ИШИДга қарши урушиш Суриядаги эронларнинг дўсти бўлган Башар Асадга ёрдам бериш бўлиб қолмоқда. Иккинчи тарафдан, ИШИДга қарши курдларнинг урушишига йўл қўйиб берилса, курдлар Ироқда бўлгани каби Сурия ҳудудларида ҳам феълан мустақил давлат қурадилар ва Туркиядаги курдларнинг мустақиллик ҳавасини оширадилар. Учинчидан, ИШИД тўла тор-мор қилинса, Ироқ ва Сурияда ҳокимият тўла шиаларнинг қўлига ўтади ва Туркия чегаралари, Арманистонни ҳам қўшсак, тамомийла туркларга душмандек қарайдиганлар қўлида қолади.

Сўнгги йилларда Туркияда Ражаб Эрдўғон раҳбарлигидаги исломчилар ҳокимияти ҳижоб каби муаммолар бўйича кулгили ғалабалари билан маст бўлиб, минтақавий муаммоларни унутиб қўйганлиги, шубҳасиз. “Ҳаракат” бу каби нарсаларни 5-6 йилдан бериб гапириб келмоқда. Мана энди чигаллашиб бўлиб кетган муаммолар билан шуғуллариш керак. Агар турклар жамияти бирлашиб, кучли дунёвий ҳокимият яратолмаса, Туркиянинг парчаланиб кетиш эҳтимоллиги жуда катта.