16 July 2015
22:32 - Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсиши ярим йилда 8,1 фоизга тенг бўлганмиш
Бугун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтган ва унда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари кўриб чиқилган. Қабул қилинган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Маълум бўлишича, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича Ялпи Ички Маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни ташкил этибди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 8,1 фоизга ўсган. Экспорт ҳажмларининг 7,4 фоизга ўсиши ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланган. Давлат бюджети профицит билан ижро этилган. Хуллас, ҳаммаси зўр, рисоладагидек.

Аслида Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми кулгили даражада оз, масалан, аҳолиси биздан икки баравар кам бўлган Қозоғистондан 4 баравар кам эканлиги халқдан яшириб келинарди. “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлигининг бу рақамларни тўтовсиз гапираварганидан кейин, бу йил биринчи марта ЯИМ ҳажми эълон қилинди. “Ҳаракат” айтиб келаётганидек, у 59 миллиард АҚШ доллари атрофида экан. Қозоғистонда 240 млрд доллар атрофида.

Яъни, Ўзбекистонда иқтисоднинг асосий кўрсатгича бўлган ЯИМ шунчалик озки, 8,1 фоизли ўсиш ҳеч нарса демакдир.

Аммо яна ҳам қизиғи шундаки, Жаҳон Банки Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳажмини сўнгги чиқишида 157 миллиард АҚШ долларига тенг баҳолабди. Бу маълумот мазкур молия институтининг расмий сайтида турибди. Жаҳон Банки сайтида техник янглишлик бўлдими ёки у ҳам масхарабозга айланмоқдами?

ЎзАнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлиси ҳақидаги хабарга, ҳар доимгидек, биронта расм ҳам илова қилинмаган, унга қатнашган биронта вазир ёки Бош вазирнинг номи тилга олинмаган. Хуллас, масхарабозлик каби хабар.