15 July 2015
16:44 - Алишер Усмонов ҳақида гап кўп, аммо Путин билан учрашув ҳақида ҳеч нарса айтилмайди

Русларнинг ахборот воситалари Россия Футбол Иттифоқида бўлаётган воқеалар, жумладан, Россия терма жамоасининг бош тренери Фабио Капеллонинг ишдан олиниши ёки ҳайдалаши, унга тўланиши керак жуда катта миқдордаги пул (€15 млн) ҳақидаги хабарларда доимо ўзбек аслли Россиянинг энг катта бойларидан Алишер Усмоновнинг номини тилга олишмоқда. У шу йил февраль ойида РФИга 300 млн рубль қарз берган экан, энда ўша қарзини олишдан воз кечармиш, РФИнинг қандайдир мажлисида шахсан иштирок этган ҳам эмиш. Ва ҳоказолар.

Энг қизиғи, Алишер Усмоновнинг Россия Президенти Владимир Путин билан 30 июндаги учрашуви ҳақида Кремлнинг матбуот хизматига асосланиб хабар тарқатилишига қарамасдан, учрашув бўлиб-бўлмагани ҳақида ҳеч нарса айтилмади.

“Ҳаракат” Агентлиги бу учрашув ҳақидаги хабарни Кремлга асосланиб тарқатилаётгани учун, уни жиддий деб ҳисоблаб, ўз сайтида эълон қилар экан, бу учрашувда футбол масаласи асосий бўлиши ҳақидаги башоратлар устидан кулиб, учрашув нима ҳақида бўлиши хусусида ўз тахминларини билдирган эди. Ўша тахминларни қуйида қайтарамиз.

* * *

Учрашув пайтида спорт ҳам тилга олиниши мумкин, аммо асосий мавзу бутунлай бошқа бўлади. Ҳозир, Ғарбнинг санкциялари остида қолган Россиянинг иқтисоди оғир аҳволда. Шундай экан, Путин очиқдан-очиқ Алишер Усмоновга солиқ солади ва давлат бюджетидаги дефицитни қоплаш учун катта пул олади.

Қанча дейсизми? Бу саволга жавоб бериш қийин, аммо бунга оид Путин янги ҳокимиятга келган пайтда пайдо бўлган латифани эслашдан фойда бор. Мана ўша латифа. Путин Росиянинг энг катта бойларидан бири Абрамовични ҳузурига чақириб суҳбатлашибди ва охирида чек китобчасини олдига қўйиб шундай дебди: “Мен сенга пул бермоқчиман. Чекни қанчага ёзай?”. Абрамович “Йўқ, керакмас” дейишларига қарамасдан, Путин ўз сўзидан қайтмабди. Ниҳоят Рабинович дебди: “Майли, 20 млн долларга ёзақолинг”. Путин 20 млн долларлик чекни Рабиновичга берар экан, шундай дебди: “Қолганини давлатга қайтариш керак, азизим”. Яъни, Рабинович ўша пайтдаги 5-6 миллиард долларлик бойлигининг 20 млн доллардан ортиғини давлатга қайтариши ҳақида гапирарди.

Путин Усмоновга қанча долларлик чек ёзишини тахмин қилиш ниятимиз йўқ. Аммо, бу учрашувнинг мақсади шу латифадагидек бўлиши аниқ. Табиий, бу хусусда ҳеч қандай расмий хабар тарқатилмаслиги ҳам ўз-ўзидан маълум.

Эслатиб ўтамиз, миллати ўзбек бўлган Алишер Усмонов 2014 йили Россиянинг энг бой одами бўлиб, унинг бойлиги 20 млрд доллар атрофида эди. Аммо, 2015 йилда унинг бойлиги $14,4 млрд бўлди, бу Россияда учинчи ўринда бўлиш демакдир.

У сўнгги йилларда асосан Англияда яшамоқда. У ҳеч бир ерда Владимир Путинга қарши гапирмаган бўлса ҳам, унинг олиб бораётган сиёсатини унча ёқтирмайди ва шу сабабли Ходорковский каби қамалишдан бўлмаса ҳам, Путиннинг ғазабига учрашдан қўрқади. Бундай шароитда энг яхши йўл – Москвадан узоқроқда, масалан, Лондонда яшаш, айни замонда, ўзбек миллати ва Ўзбекистоннинг муаммаоларидан узоқроқ туриш.

Расмда – Путин ва Усмоновнинг аввалги учрашувидан лавҳа.