14 July 2015
01:33 - Тулада гиёҳванд ҳамюртимиз 15 йилга озодликдан маҳрум этилди
Йирик миқдордаги героин моддасини сотганликда айбдор деб топилган ҳамюртимиз Россиянинг Тула вилояти суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди. “Интерфакс” ахборот агентлигига интервью берган вилоят прокурори катта ёрдамчиси Любовь Кузнецовага кўра, Тула вилоятига мардикорликка келган Ўзбекистон фуқароси Д. Исоқов героин сотиб олиб, уни ўзи яшайдиган жойда сақлаб, уларни кейинчалик сотиш учун пакетларга қадоқлаб чиққан.

Гиёҳванд моддаларни мижозларга бериш учун махфий жойлар ташкил қилган. Жиноятчи бундай жойлар ва уларнинг миқдори ҳақида тергов давомида шахси аниқланмаган воситачига хабар берган. Воситачи ўз навбатида гиёҳванд моддалар сотиб олувчилар билан боғланиб, уларга керакли маълумотни берган. Маҳаллий аҳоли ҳамюртимизнинг мижозлари бўлган. Улардан бири шу йилнинг 5 февралида наркополициячилар томонидан қўлга олиниб, ҳамюртимизни сотган. Суд Исоқовни қаттиқ тартибдаги ахлоқ-тузатиш колониясида жазони ўташга маҳкум қилди.