10 July 2015
02:15 - Туркия Президенти янги ҳукумат қуришни ҳозирги Бош вазир Аҳмад Давудўғлига топширди

Кеча Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон парламент сайловларидан кейин қурилиши керак бўлган янги ҳукумат таркибини тайёрлашни ҳозирги Бош вазир Аҳмад Довудўғлига топширди. Бу янгликни Аҳмад Довудўғлининг ўзи Истанбулда Босфор бўғози устидан қурилаётган кўприкни бориб кўргандан кейин эълон қилди (расмда).

У душанба кунидан бошлаб Туркия Буюк Миллат Мажлисида депутатлари бўлган партиялар билан кўришмоқчи ва Рамазон байрамигача ҳукумат қуриш ишини битирмоқчи.

Маълумки, Аҳмад Довудўғли раислик қиладиган исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партиясининг 550 кишилик парламентда 258 ўрни бор. Жумҳурият Халқ Партияси 132 ўринга, Миллиётчи Ҳаракат Партияси ва Халқларнинг Демократик Партияси 80 тадан ўринга эга. Аҳмад Довудўғли шу 3 партия лидерлари билан айнан шу тартибида душанба, сешанба ва чоршанба кунлари кўришмоқчи.

Бу ерда иккита вариант бор, биринчиси – АТП ким биландир коалиция тузади, иккинчиси - биронта партия ёки ҳамма партиялар ҳукуматга кирмасалар ҳам, АТП тузадиган озчилик ҳукумати учун овоз берадилар.

Туркия Конституциясига кўра, 45 кун ичида ҳукумат қурилмаса, Президент янги сайловлар тайинлайди.