09 July 2015
15:31 - Қиладиган иши йўқ президентлар Уфада тўпланмоқда, яккамохов Ислом Карим ҳали ҳам Тошкентдаги инида

Бошқирдистоннинг пойтахти Уфада 9-10 июль кунлари Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикасини бирлаштирувчи БРИКС ва Россия, Хитой, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонни бирлаштирувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитлари бўлиши анча аввал эълон қилинганди.

Бу икки саммитининг мезбони бўлган Россия Президенти Владимир Путин 8 июлда Уфага, табиий, биринчи бўлиб келди. Кейин бирин-кетин Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Белорусия Президенти Александр Лукашенко, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Жанубий Африка Республикаси Президенти Жейкоб Зума, Эрон Президенти Ҳасан Роуҳоний, Арманистон Президенти Серж Саргсян етиб келдилар. Владимир Путин уларнинг ҳаммаси билан икки тарафли учрашувлар ўтказиб бўлди ҳам.

Русларнинг расмий хабарларида бу икки саммитда Украинадаги кризис, Юнонистондаги аҳвол, Эроннинг ядровий программаси ва Суриядаги уруш атрофидаги муаммолар муҳокама қилиниши айтилмоқда. Бундан ҳам муҳимроғи – иқтисодий масалалар бўлади.

Бу санаб ўтилган масалалар бўйича БРИКС ва ШҲТ саммитлари қандайдир қарорлар қабул қилиши ҳам мумкин, лекин, бу икки саммит баҳона иккитарафли учрашувлар ўтказиш муҳим эканлигини ҳозир ҳамма тушунмоқда. Шу сабабли на БРИКС на ШҲТга аъзо бўлмаган, кузатувчи мақомига эга бўлган Эрон ва Арманистонинг раҳбарлари ҳам Уфага келиб бўлди.

Бу мамлакатларнинг ичида иқтисодий аҳволи энг ёмон бўлгани Ўзбекистондир. Шундай экан, Президент Ислом Карим биринчилар қатори бу ерга келиб, учрашувлар ўтказиши керакмасмиди. Керак эди. Аммо, Ислом Карим Оқсарой ва Кўксарой номли иккита инидан чиқмайдиган яккамоховгв айланиб бўлган. Тахмин қилиш қийин эмаски, у Ўзбекистонни бу аҳволдан олиб чиқиш йўлларини билмайди ҳам, тушунмайди ҳам. Шундай экан, у бошқалар билан нимани ҳам гаплашарди? Ҳеч нарсани. Демак, инда ўтирган яхши. Ислом Карим учун яхши, аммо Ўзбекистон учунчи, Ўзбекистоннинг келажагини ким ўйлайди?

Саволлар кўп, жавоб йўқ. Ўзбек халқи ва унинг гўёки зиёлилари эса, овқат ейиш ва туалетга боришдан бошқа нарса билан қизиқмайди ҳам.

Уфада ҳам куннинг ярми ўтиб бўлди, ҳали саммитларнинг биронтаси иш бошлагани йўқ. Ҳамма икки тарафлама учрашувлар билан машғул.