08 July 2015
08:50 - Афғонистон ва Толибоннинг бир кунлик музокаралари битибди, Рамазондан кейин давом этади
Associated Press Агентлиги Покистон ташқи ишлар вазирининг баёнотига асосланиб хабар қилишича, Афғонистон ҳукумати ва Толибон вакиллари Исломобод яқинидаги тоғли курорт жойда бир кунлик учрашув ўтказиб, Афғонистон ва бутун минтақа учун тинчлик зарурлиги хусусида келишишибди. Рамазон ойи битгандан кейин, музокаралар давом этадиган бўлибди.

Учрашувда АҚШ ва Хитой вакиллари ҳам иштирок этибди. Ҳеч шубҳа йўқки, бу учрашув Покистоннинг ёрдамида амалга оширилган, аммо бу мамлакатнинг вакили учрашувда иштирок этиб-этмагани айтилмайди.

Шу пайтгача Афғонистон ва Толибон вакиллари Қатар ва Норвегияда норасмий учрашувлар ўтказишган экан.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг идораси ҳам учрашув ҳақида баёнот тарқатган, аммо учрашувда Афғонистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ҳикмат Карзай қатнашгани ҳақидаги маълумот бу баёнотдан эмас, учрашувнинг бошқа иштирокчиларидан олинган. Аммо, шунинг ўзи ҳам кўрсатмоқдаки, учрашув юқория савияда бўлган.

Афғонистон парламентининг аъзоси Насрулло Содиқзода бу учрашувни Покистоннинг пропагандаси деб баҳолагани ҳам хабарда айтилади. Associated Press бу воқеа хусусида ўз фикрини билдирмаган, аммо “Ҳаракат” Насрулло Содиқзода ҳақ бўлса керак деб ҳисоблайди.