02 July 2015
12:19 - АҚШ ва Куба президентлари икки мамлакатнинг элчихоналарини очишга келишдилар, “Бирлик”га ҳали раҳмат демадилар
АҚШ ва Куба расмийлари ўзаро дипломатик алоқаларни 20 июлда расман тиклаш хусусида келишганлари Reuters агентлигининг хабарида айтилмоқда. АҚШ Давлат Котиби Жон Керри айнан 20 июлда Гаванага бормоқчи. Бу -АҚШ Давлат Котибининг сўнгги 70 йилдаги Кубага биринчи сафари бўлади.

Икки мамлакат президентлари Барак Обама ва Раул Кастро бу хусусда хат алмашганлари ҳам хабарда айтилади. Элчихоналар Гавана ва Вашингтонда 20 июлда ёки кейинроқ очилиши мумкин. Ҳозир Венеда Эроннинг ядровий программаси бўйича музокараларда қатнашаётган АҚШ Давлат Котиби Жон Керри 20 июлда АҚШнинг келажакда Гаванадаги элчихонаси бўладиган бино олдида АҚШ байроғини кўтариш нияти борлигини билдирди.

Кубанинг коммунист ҳукумати АҚШ билан алоқалар тўла нормаллашиши учун Гуантанамо базаси Кубага қайтарилиши лозимлигини билдирган экан, АҚШ Мудофаа вазири (Пентагон раҳбари) Эштон Картер кун тарибида бундай масала йўқлигини айтиш билан чекланди.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳозир республикачилар назорати остида бўлган Конгрессдан Кубага қарши 53 йил аввал киритилган эмбарголарни бекор қилишни сўраб мурожаат ҳам қилди, аммо Конгресс ҳозирча бунга қарши.

Эслатиб ўтиш керакки, АҚШнинг Кубани дунёдан изоляция қилиш сиёсати хато бўлгани “Бирлик” Партиясининг 2006 йил 6 ноябрь куни Европа Иттифоқига қилган расмий баёнотида биринчи марта тилга олинган эди.Ўшанда “Бирлик” Ўзбекистонни дунёдан изоляция қилиш ўрнига уни демократик дунёга интерация қилиш самаралироқ бўлишини урғулар экан, Куба мисолида изоляцияниннг фойдаси бўлмаслигини урғулаганди.

2012 йил 2 февраль куни “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўша пайтдаги Давлат Котиби Ҳиллари Клинтонга бошқа бир сабаб билан хат ёзганида, яна Кубани изоляция қилиш сиёсати хато бўлганини такрорлади. 2013 йилнинг бошларида АҚШ Ватикан воситалигида Куба билан музокаралар бошлади ва 2014 йилнинг ўрталарида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни тиклаш хусусида келишилгани эълон қилинди.

Куба раҳбарлари бундан хабарлари бўлмаса керак, аммо АҚШ расмийлари бу жараёнларнинг бошланишга “Бирлик” сабабчи бўлганини рад этишлар қийин бўлади.

Расмда – АҚШнинг сал кам 60 йиллик Кубани дунёдан изоляция қилиш ва униннг коммунстик режимини йиқитиш сиёсатини пучга чиқариб, президентликни укасига топшириб қўйиб яшаётган 89 ёшли диктатор Фидель Кастро, 2014 йил.