27 June 2015
06:33 - Барак Обама узоқ давом этган қуролли зўровонликка кўз юмилганини тан олди, аммо йўл кўрсатмади, Абдураҳим Пўлат кўрсатмоқчи ҳам эмас

АҚШнинг Атлантик Океани соҳилидаги Жанубий Королина штатининг Чарлстон шаҳрида бир неча кун аввал оқ танли Дилан Руф исмли йигит афро-америкаликлар черковига кириб, 9 кишини отиб ўлдирган эди. Кеча улардан бири, аниқроғи, ўша черковнинг пасторини кўмишдан олдин черковларда одатда ўтказиладиган маросимда иштирок этган АҚШ Президенти Барак Обама марҳумлар олдида айтиладиган насронийларнинг анъанавий ашуласини шахсан ўзи айтди. Ундан олдин эса, ўша маросим руҳидаги қисқа нутқ ҳам сўзлади. У пасторни шахсан таниганини ҳам тилга олди, Дилан Руф ирқчиликка асосланган нафрат касалига дучор бўлиб, шу туфайли кўр бўлиб қолганини айтди ва АҚШда узоқ йиллардан бери қуролли зўровонликка кўз юмилиб келаётганини урғулади.

Бу ҳақда хабар тарқатган Reuter Агентлиги 2013 йили Коннeктикут штатида 20 нафар ёш бола ва 6 нафар катта одам отиб ўлдирилгандан кейин, Барак Обама қурол сотиб олишни қийнлаштириладиган қонунлар қабул қилдириш учун ҳаракат қилгани ва муваффақиятсизликка учраганини ҳам эслатади.

Аммо, тан олиш керакки, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, бор муаммони аввал мукаммал ифодалаш, сўнгра уни ечиш йўлини белгилаш ёки кўрсатиш керак. Мен ислом терроризмини йўқ қилиш мақсадида ислом террористлари билан қуролли кураш олиб бориш узул-кесил ғалабага олиб келмаслигини айтиб ва ислом терроризмининг илдизлари ислом динининг ҳозирги хато тушунчаларидалигини, ислом террористларининг асосий мақсади исломий давлат яратиш эканлигини урғулаб, қуйидаги йўлни кўрсатмоқдаман. Қуръонга кўра давлат исломий бўлиши кераклиги ҳақидаги тушунча, Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиқмоқда. Давлат принцип ўлароқ исломий бўлолмайди, демак, Қуръоннинг тўғри тафсирини қилиш ва Ислом дини дунёвийлик/cекуляризм принципини қабул қилишига эришиш керак. Бошқа йўл йўқ.

Худди шунга ўхшаб, одамларнинг қўлида қонуний йўллар билан олинган қуроллар кўпайиб боришидан келиб чиқадиган қуролли зўравонликни кескин камайтириш йўлини қидириш ва топиш керак. АҚШ президентидек одам бундай муаммолар ҳақида гапирганда, йўллар кўрсатса яхши бўларди. Қурол сотиш йўлидаги тўсиқларни кўпайтириш ҳам керакдир, аммо у тўсиқлар муаммони ҳал этолмайди. Ахир ҳеч ким автоҳалокатларни камайтириш учун автомобиллар сонини камайтиришни ўйлаётгани ҳам йўқку. Тўғри йўл қидириш эса, табиий, АҚШдагиларнинг иши, сиёсатчиларинг иши деса ҳам бўлаверади, чунки ҳар қандай катта муаммо сиёсий муаммодир. Аммо, бу муаммони ечиш устида ўйлаш мени унчалик қизиқтирмайди ҳам, унинг устида ўйлаш учун вақтим ҳам йўқ. Қолаверса, бизда ҳали бундай муаммонинг ўзи йўқ.