18 June 2015
10:21 - Қозоғистондан кейин Украина ҳам Буюбританиянинг собиқ Бош вазири Тони Блэрдан ёрдам олмоқчи
Маълумки, 2011 йили Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой Тони Блэрни ўз мамлакатида ўтказилиши режалаштирилаётган иқтисодий ислоҳотлар бўйича маслаҳатчи сифатида ёллаган эди. Тони Блэр ўзининг бир гуруҳ экспертлари билан Қозоғистондан 8 миллион фунт стерлинг пул олиб, ислоҳотлар лойиҳасини тайёрлаб бериши кераклиги ҳақида ўша пайтдаёқ хабарлар тарқатилган.

Энди Украина Президенти Петр Порошенко Тони Блэрни ўз қошида тузилган Ислоҳотлар бўйича Маслаҳатчи Халқаро Кенгашга таклиф қилибди. Кеча шу ишлар доирасида Тони Блэр Киевга келиб, Петр Порошенко билан учрашгани махаллий ахборот воситалари тарафидан билдирилди.

Аввалги хабарларимиздан Ислоҳотлар бўйича Маслаҳатчи Халқаро Кенгашга раис қилиб Гуржистоннинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили тайинлангани ҳам маълуми. Кейинчалик Петр Порошенко унга Одесса губернатори вазифасини ҳам топширди. Тони Блэр Михаил Саакашвили билан ҳам учрашиб-учрашмаслиги ҳақида хабарлар йўқ.