05 June 2015
23:23 - Абдураҳим Пўлат: Фейсбукнинг ахлатхонага айлантирилган ўзбекча бўлимида ҳаётини ўтказаётган ёшларимизга мурожаатим

Кимдир мени ўзбек ёшларининг ФБда тузиб олинган сон-саноқсиз гуруҳларидан яна бирига аъзо қилиб қўйибди. Раҳмат у одамга. Ўша гуруҳнинг саҳифасини кўриб чиқиб шундай руҳий аҳволга тушдимки, ўзбек ёшларига мурожатим ўз-ўзидан ёзилиб қолди десам бўлаверади. Мана ўша мурожаат.

Мени бу гуруҳга қўшилганимдан қанчалик хурсанд бўлганимни билсангиз эди, дўстлар. Қаранг, ҳар бир одам бу саҳифага чиройли расмлар қўймоқда. Қаранг, хонандалар, мевалар, гуллар ва бошқа нарсалар. Бу ерда қатнашаётганларнинг кўпчилиги миллатимизнинг ёшлари эканлиги ҳам одамни мағрурлантиради. Уларнинг келажаги порлоқ, улар яшайдиган мамлакатнинг, яъни Ўзбекистонимизнинг келажаги буюк! Мана ҳозир Ўзбекистонимизда ўртача ойлик 90 доллар. Қозоқларда 700 доллар, шундай бўлса ҳам бечора қозоқлар биздан ғариб яшайдилар. Жаҳон экспертларининг фикрича, яқин орада қозоқлар билан ўртача ойликдаги фарқимиз 20-30 бараварга чиқади. Барибир биз улардан яхши яшайверамиз. Чунки, қандайдир доллар, бойлик ва шу каби нарсалар қизиқтирмайди бизни, айниқса, ёшларимизни. Муҳим бўлгани, оч қолсак ҳам, ҳаётимизни Фейсбукдаги гуллар билан чиройли қилишга қодир эканлигимиз. Кечагина отдан тушган қозоқлар келсин биздан ўргансин Фейсбукда яшашни.

Москвада ўқиб юрган йилларим халқимиз шу даражага келишини орзу қилардим. Мана келдик, ёшларимиз ҳам шундай орзулар билан яшасалар, ҳамма нарса бундан ҳам яхши бўлади. Оллоҳ бизни севимли миллат сифатида танлаган. Шу сабабли келажак учун бир нарса қилишнинг ҳам кераги йўқ. Оллоҳ ҳамма нарсани охир-оқибатда бизга беради, қозоқларга эмас.

Кечирасизлар, юқорида айтилганлардан келиб чиқиган асосий фикр шундай: "Азиз ёшларимиз! Фейсбукни чиройли расмлар билан тўлатиб юраверинглар. Бошқа аҳмоқ халқлар келажагини ўйласин, келажаги учун курашсин. Бизга нима?! Мана, масалан, Қозоғистоннинг иқтисоди, Жаҳон Банкининг расмий маълумотларига кўра, биздан 8 баравар (!!) кучли. Бўлаверсин. Кучли иқтисодга эга бўлган мамлакатларга барибир ишчи кучи, тўғрироғи, мардикорлар керак бўлади. Шундай экан, ёшларимиз ҳеч қачон ишсиз қолмайди, оч қолмайди. Ҳамма ёшларимизга қўшни мамлакатларда, хусусан Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилиш имконияти доим бўлади. Россия ва Қозоғистонда дворниклар ўзбек профессорларидан кўп ойлик олади ахир. Демак, ўзбекистонлик профессорлардан яхши яшайсиз. Мана ҳақиқий, ҳамма хавас қиладиган келажагингиз.

Яна шуни ҳам билиб қўйингки, Оллоҳ миллат сифатини йўқотган ўзбеклардан, сизлардан ҳам, аллақачон юз ўгирган. Демак, энди на миллатга на умматга алоқаси бўлмаган подасиз. Ғам-ташвишсиз яшайсиз. Овқат ейиш ва туалетга боришдан бошқа ташвишингиз бўлмайди."