03 June 2015
17:24 - Тошкентга Туркманистон Ташқи ишлар вазири келди. Ўзбек ва туркман яккамоховлари тил топишмоқдами?
Расмий хабарга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Карим кеча Оқсаройда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги серқирра муносабатлар бугун изчил ривожланаётгани, бу ҳамкорлик барқарорлиги ва самарадорлиги билан муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ўзбек ва туркман халқларининг кўп асрлик умумий тарихи, муштарак маънавий ва маданий қадриятлари, яқин қўшнилик, ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида муваффақиятли ривожланиб бормоқда, дейилади хабарда.

Вазир Мередов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Абдулазиз Комил билан ҳам музокаралар ўтказди. Вазирлик хабарига кўра, мамлакатлар ўртсидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал ўсиб бормоқда. 2014 йил якунларига кўра, бу борадаги кўрсаткич 410 миллион АҚШ долларидан ошди, ўсиш суръати 16,6 фоизни ташкил этган.

Қаранг, Ўзбекистоннинг ташқи ишлар вазирлиги шу рақамлар билан мақтанмоқда. Ахир, икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми бор-йўғи 410 миллион доллар эканлигини гапиришнинг ўзи кулгилику. Бундай рақамлар билан ўзбекларни алдаб юриш мумкин, аммо “Туркманбоши-2”нинг одами Ўзбекистоннинг Режимбошиси билан нимага учрашди деган савол жавобсиз қолмаслиги керак.

Жавоб эса, шундай: Иккита яккамохов – Ўзбекистон Режимбошиси ва Туркманбоши-2 - бир-бирларини маънвий қўллаб-қувватлаш йўлларини қидирмоқдалар. Аслида, улар Марказий Осиёнинг диктаторлари учун умумий қабристон яратиш ва уни ҳимоя қилиш йўллари устида ўйлашлари керак. Чунки, ўзбек ва туркманларнинг кўзи барибир очилади ва улар ҳозирги диктаторларининг қабрларини ҳам ўз юртларидан улоқтирадилар.