01 June 2015
00:13 - Forbes Kazakhstan журнали Қозоғистон бойларининг рўйхатини эълон қилди, ўзбекча Forbes қачон қилади?

Forbes - жаҳоннинг энг обрўли, 1917 йилдан бери икки ҳафтада бир чиқадиган молиявий-иқтисодий журналидир. Унинг асосчиси Bertie Charles Forbes. Сўнги йилларда Гуржистон, Польша, Россия, Қозоғистон, Эстония, Япония, Бразилия, Корея, Хитой ва Украинада журналнинг маҳаллий муаммоларга бағишланган ва маҳаллий тилларда ҳам чоп этиладиган вариантлари пайдо бўлди. Бу журнал турли мамлакатлар ва жаҳоннинг бойлари рўйхатини эълон қилиш билан ҳам шуғулланади.

Шу кунларда Forbes Kazakhstan журнали Қозоғистоннинг 2015 йилдаги энг катта 50 нафар бойининг рўйхатини эълон қилди. 50 кишининг умумий бойлиги $25,52 млрд бўлибди. Бу Қозоғистоннинг Ялпи Ички Маҳсулотининг 12% экан. Қозоғистонда иқтисодий кризис бошланишига қарамасдан 50 бойнинг бойлиги ўтган йилгидан $2,23 млрд кўп бўлибди.

Бу 50 бойнинг ўртача ёши 48 экан. Уларнинг ичидаги 3 аёлнинг биринчиси – Нурсултон Назабойнинг иккинчи қизи Динара Кулибаева, бойлиги $2,1 млрд. Унинг эри Тимур Кулибаев ҳам $2,1 млрд бойлиги билан рўйхатнинг бошидан жой олган. Эр-хотиннинг бойлигини қўшсак, Қозоғистоннинг энг катта бойи ким эканлиги ҳам маълум бўлади-қўяди.

Рўйхатга кўра эса, Қозоғистонда 5 нафар миллиардер бор. Айнан улар 50 кишилик рўйхатнинг бошида жой олганлар:

Булат Утемуратов - $2,6 млрд
Алижан Ибрагимов - $2,2 млрд
Тимур Кулибаев - $2,1 млрд
Динара Кулибаева - $2,1 млрд
Владимир Ким - $1,8 млрд

6-чи ўринни $980 млн билан Нуржон Субхонбердиев, 50-чи ўринни $90 млн билан Анатолий Побияхо эгаллабди.

Унутмаслик керакки, булар расмий, қонуний бойлар. Ўзбекистонда бундайлар, яъни легал бойлар йўқ. Нолегаллар бор, чунки, бизда легел бойларни Ислом Карим ёқтирмайди. Нолегал бойлар ноқонуний йўллар билан йиғган бойлик билан ўз ҳаётларини жаннатга айлантириб яшайверадилар, аммо мамлакат иқтисодини ривожлантириш учун катта инвестицион лойиҳаларга қўл уролмайдилар. Қани энди, шу оддий ҳақиқатни Ўзбекистон режимининг раҳбарлари тушуниб етса. Етса эди, катта бойлар синфи пайдо бўлишига йўқ қўймасликка қаратилган ярим-коммунистик сиёсатдан воз кечилган бўларди.