27 May 2015
10:17 - Россиянинг ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбеклардан ўрганиши керак
Аслида, Россияда ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати ўлгани ҳақида ҳам гапириш мумкин. Людмила Алексеева каби ҳуқуқ ҳимоячилари Совет замонида қамоқларга ташланишдан ҳам қўрқмасдан ўша пайтдаги диктаторлик режимига қарши куршдилар. Аммо, ҳозир улар ўша вақтнинг усуллари билан Путинга қарши курашмоқчилар. Путин бошқа, замон бошқа, демак, фаолият усуллари ҳам бошқа бўлиши керак.

Масалан, ҳозир сиёсий ҳуқуқлар масаласи биринчи ўринга чиқиши лозим. Бироқ, Россиянинг Людмила Алексеевадан бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам, худди Совет замонида каби, мавжуд режим тарафидан ҳуқуқлари бузилаётганларнинг рўйхатларини эълон қилиш каби ибтидоий нарсалар билан шуғулланишади. Уларнинг диний ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳақидаги лофлари кулгидан бошқа нарсага арзимайди. Қизиқ, радикал исломчилар ҳар бир эркак Ислом динига кўра 3 та хотинга эга бўлиши кераклигини гапиришга бошласалар, ҳуқуқ ҳимоячилари уларни ҳам ҳимоя қилишлари керакми?

21 асрда, яъни Интернет асрида аввалги усулларни унутмаган ҳолда, янгиларини яратиш билан шуғулланиш муҳим. Масалан, ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари, тўғрироғи, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари - тарихда биринчи марта одамларнинг сиёсий ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг партияларга бирлашиб, жамиятнинг фундаментал муаммоларини парламентга олиб чиқиш ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланмоқдалар. Бу инқилобий янгиликдир.

Ҳозир Россияда ҳам демократик партиялар Путин тарафидан парламент эшигига ҳам яқинлаштирилмаётган эканми, Людмила Алексеева кабилар айнан сиёсий мухолитфатнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устида ҳам ишлаши керак.

Кеча маълум бўлишича, Владимир Путин Москва-Хельсинки Гуруҳининг раҳбари Людмила Алексеевани Россия президенти қошидаги Инсон ҳуқуқлари Кенгашига қайтадан киритибди. У бу Кенгашдан 2012 йили ҳамкасблари билан чиқишолмасдан чиқиб кетган эди. Унинг Кенгашга қайтиб келиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Людмила Алексеева Тошкентга келиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг раиси Васила Иноятдан дарс олса, Россия ҳуқуқ ҳимоячилари учун фойдлали бўларди. Қолаверса, эслатиш керакки, Васила Иноята ўз вақтида Людмила Алексеевадан дарс олганди. Ҳозир ҳамма нарса тескарисига айланди. Буни фожеа қилиш керакмас, замонга мос ишлар қилиш керак.

Аммо, тахмин қилиш мумкинки, Путин рус ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан, Людмила Алексеева 20 асрда қолиб кетгани, “Эзгулик” таклиф қилаётган усуллар устида ўйлаш қобилияти йўқлигини билгани учун, уни Инсон ҳуқуқлари Кенгашига номигагина қайтадан киритиб қўйди. Шу маънода, Путиннинг ақлли эканлигини тан олиш лозим.