25 May 2015
20:21 - Ўзбекча масхарабозлик: Мамлакаимизнинг Марказий Банки Россия матбуотидан раддия талаб қилмоқда

Ўзбекистон Марказий Банкининг расмий сайти Россиянинг бир қатор оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, “Россия-24” телеканали орқали мамлакатда валюта операцияларининг тўхтатилиши ҳақидаги ахборотнинг ёлғонлиги ҳақидаги раддияни чоп қилди. Раддияда: “Россия Федерацияси оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, “Россия-24” телеканали орқали тарқатилган Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки томонидан жисмоний ва юридик шахслар учун валюта операцияларининг тўхтатилиши ҳақидаги ахборот юзасидан баён қиламизки, бу хабарлар уйдирма ва провокациядир, валюта операцияларига ҳеч қандай чекловлар жорий қилинмаган”, – дейилади.

Шунингдек, айни кунларда долларнинг расмий курси “Россия телеканали кўрсатганидек 5 000 сўм эмас, балки 2 527 сўмни ташкил қилади, дейилади раддияда. Ҳолбуки, Россия телеканаллари Ўзбекистонда АҚШ доллари курсининг реал баҳоси 5000 га чиққани ҳақида тўғри хабар берган.

Марказий Банк ўз баёнотининг Россия оммавий ахборот воситаларида расмий раддия сифатида чоп этилишини талаб қилибди, бироқ ўрис матбуоти бу раддияга жиддий маълумот сифатида қараётгани ҳам йўқ.

Нима учун Марказий Банкнинг баёнотини “Ўзбекча масхарабозлик” деб баҳлаганимизни сўрайдиганлар бўлса, жавобимиз шундай. Аҳолисининг сони 31 миллионга яқинлаши келаётган Ўзбекистондек давлатнинг Давлат бюджетини даромад қисми 11 млрд доллар, аҳолиси тахминан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонники эса, $44 миллиарддан катта. Мана қашшоқлигимизнинг яна бир исботи. Бу ҳам майли, чет элларда ишлаётган ўзбек мардикорлари йилига Ўзбекистонга 9 млрд доллардан кўп пул юборишмоқда. Яъни, келаётган пул бюджетимизга сал кам тенг. Демак, Ўзбекистонни давлат ҳам деб бўлмайди. Давлатни Ислом Карим режими эмас, мардикорлар бошқармоқда. Давлат сифатини йўқотдик. Аҳволимиз шундай экан, буни ўзбекларнинг ўзидан бошқа бутун дунё билар экан, қашшоқ бир мамлакатнинг қандайдир Марказий Банкининг жиддийликка даъво қилаётган баёноти масхарабозлик бўлмаса, масхарабозлик нима ўзи?