24 May 2015
20:21 - Абдураҳим Пўлат: Мавлоно Румийни ва бутун тарихимизни ўрганиш керак, аммо...
Бугун Фейсбукда “Мавлоно Румий Олами” деб номланган гуруҳнинг саҳифасига кириб қолдим. Балки, аввал ҳам киргандирман, аммо эсимда йўқ. Чунки, бунақа ақлсизларнинг саҳифалари Фейсбукда хира пашшадек кўпайиб кетган. Ўша ерга экспромт билан бир постинг ёзиб қўйдим. Уни бошқалар ҳам ўқиши – ўша бошқаларга фойдалидир, деган фикрдан келиб чиқиб, постингни ўз саҳифамиз ўқувчиларига ҳам тақдим этмоқчиман. Мана ўша постингнинг матни.

* * *

Ҳа, Мавлоно Румийни ўрганиш керак. Тарихимизда буюк ишлар қилган одамлардан бири. Аммо, фақат ва фақат тарих билан яшаш - ўлимга кетишдир. Бугунги кун ва келажакка ҳам қараш керак. Бугунги аҳволимиз ва келажакнинг таҳдидлари ва хавфлар ҳақида ўйламасак, хавф ва таҳдидларнинг олдини олишни ўрганмасак, ўламиз. Мен ўйлайманки, тўғрироғи, аниқ ишонаман, чунки кўриб турибман, сўнгги асрларда нафақат ўзбеклар, балки, бутун мусулмонлар келажакни ўйламасдан, тарихни ёдлаш билан овора бўлишган. Натижада, дунёни яҳудий ва насронийлар ривожлантирмоқда ва бошқармоқда, мусулмонлар эса, уларнинг хизматкори, мардикори. Буларни ўйлаш керак.

Мусулмонлар ҳар доим Қуръонга қараб иш қиладилар. Тўғри, аммо Қуръон жуда муракаб тилда ёзилган, шу сабабли Қуръоннинг ўзига эмас, унинг тафсирига асосланиб яшаймиз. Тафсир эса, 8-9 асрларда, мусулмонлар Оллоҳ яратган дунёнинг яхши билишмаган замонда қилинган. Масалан, тафсир қилган ислом олимлари Ернинг думалоқ эканлигини, Ер Қуёш атрофида айланишини ҳам билишмаган. Бу уларнинг айби эмас, бу ҳақиқат. Ўша олимларимизнинг илми кам бўлгани учун Қуръонни хато тафсир қилишган. Масалан, ҳозир автомобил ёки телефон диний, хусусан, исломий бўлолмаслигини тушунамиз, аммо у пайтда давлат ҳам диний, хусусан, исломий бўлолмаслигини тушуниб бўлмасди.

Қуръон қайтадан тафир қилиниб, шу каби хатолар тузатилмаса, Ислом дини ўлимга маҳкум. Менга қўра, Оллоҳ биз аҳмоқлардан аллақачон юз ўгириб бўлган. Уни ўзимизга қаратиш учун, У (яъни, Оллоҳ) берган ақлни ишлатишимиз керак. Ҳамма нарсани Оллоҳ қилса, ақл керакмаску. Бизнинг асосий шиоримиз "Биздан ҳаракат - Оллоҳдан баракат" бўлиши керак.

Мен яратган "Ҳаракат" журнали, кейинчалик яратилган "Ҳаракат" Агентлигининг номи мен тарафимдан "Ҳаракат" деб бекорга қўйилмаган. Мақсадим - "Биздан ҳаракат - Оллоҳдан баракат" шиорини ҳамманинг онгигагина эмас, онги остига ҳам сингдириш. Акс ҳолда, мусулмонлар ҲЕЧ НАРСАГА ЭРИШОЛМАЙДИЛАР, мардикорлар, хизматкорлар тўдаси бўлиб қолаверадилар. Кўраётган бўлсанглар керак, Ғарб, яъни насронийлар дунёси эшикларини очиб қўйса, қашшоқ мусулмон дунёсининг асосий аҳолиси Ғарбга бориб сиғинади, айни замонда, очликдан, балки, ўлимдан қутқарилади.

Бу саҳифада улуғланаётган Жамол Камолни шахсан танийман, уни кўпчлик бирликчилар билади. У Ўзбекистонда бошқа масалалар қатори дин эркинлиги учун ҳам биринчи бўлиб очиқча кураш бошлаган "Бирлик"нинг ва ҳатто раҳбариятининг аъзоси эди. Кейин, бир неча чақага миллатни ҳам умматни ҳам, худосиз Ислом Каримга сотиб кетди. Мустақилликнинг ашаддий тарафдори бўлган бу одам, Ислом Карим хизматига ўтгандан кейин "Мустақил бўлсак, бизни Хитой босиб оладику" дейишгача борди. Шундай ҳаромий улуғ асарларни таржима қилиши ҳам унинг пешонасидаги "ҳаромий" тамағасини юва олмайди, динимзга қора соя туширади, холос.

Дунёни, Ислом динимизни тўғри тушуниш учун "Ҳаракат"ни ўқишга ўрганинг. Адреси - harakat.net, Фейсбукдаги адреси - facebook.com/harakat.net