22 May 2015
09:40 - Ўзбекистон семизлар мамлакати(ми?)

Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, мамлакатни семизлар ўлкаси, демоқда. Маълум бўлишича, 2014 йилнинг январь-апрель ойларида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 50 фоиздан ортиқроғи ортиқча вазнга эга, ҳар бешинчи юртдошимиз эса ёғ босиш дардига мубтало.

Матбуот хабарига кўра, тадқиқот кўп босқичли равишда ва кластер танлови асосида ўтказилган. Тадқиқотда 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган 4 350 одам қатнашган. Мазкур фуқаролар аввал сўровда иштирок этган, иккинчи ва учинчи босқичларда эса тана аъзолари ўлчанган ҳамда биохимик анализлар ўтказилган. Тадқиқотчилар семириш муаммоси тўғри овқатланмаслик ва жисмоний фаолликнинг етарли эмаслиги ортидан келиб чиқаётганини таъкидлаган.

Ҳисоботда айтилишича, аҳолининг 67,2 фоизи ҳар куни етарли миқдорда бўлмаган даражада мева-сабзавот истеъмол қилади. Аслида эса бир одам бир кунда 400 грамм мева-сабазвот истеъмол қилиши шарт. Бундан ташқари аҳолининг 46,3 фоизида холестерин даражаси катта экани аниқланган. Фуқароларнинг учдан бир қисми, яъни 30 фоиздан кўпроғида қон босими юқори даражада. Шунақа гаплар.