16 May 2015
17:53 - Аввал 20 йилга қамалган Мисрнинг собиқ президенти, “Мусулмон-қардошлар”нинг лидерларидан бири Маҳаммад Мурсига энди ўлим жазоси берилди

“Араб баҳори” воқеалари даврида Ҳусни Муборак режими қулагандан кейин, 2012 йилда Миср президенти бўлиб сайланган Муҳаммад Мурси ҳокимиятда тўппа-тўғри 1 йил бўлди. У тузилганидан бери нолегел фаолият олиб борган ва Муборакнинг йиқитилишида ҳал қилувчи роль ўйнаган “Мусулмон-қардошлар”нинг кучи билан сайловда ғалаба қозонган эди. У Мисрда ҳокимиятни исломлаштириш йўналишида иш олиб боргани ўз-ўзидан маълум.

Айнан шу сабабдан ҳарбийлар уни тезда йиқитишди, ўзини ҳибсга олишди, ҳарбийларнинг одами Абдул Фаттоҳ ас-Сиси янги президент бўлди. “Мусулмон-қардошлар”нинг бир қатор лидерлари ҳарбийларнинг янги ҳокимиятига қарши чиқишлар пайтидаги зўравонликларда айбланиб қамалди, баъзиларига, хусусан, унинг раиси Муҳаммад Бадига олий жазо берилди.

Мана энди, навбат Муҳаммад Мурсига келибди. Унга ҳарбийлар ҳукуматига қарши зўравонликлар уюштиришдан ташқари, ҳокимиятда бўлган пайтида давлатнинг яширин ҳужжатларини чет эллик истиҳборат органларига, хусусан, Эрон органларига беришда айблаб, 20 йиллик қамоққа маҳкум қилгандилар.

Бу ҳам етмади шекилли, бугун Муҳаммад Мурсига ўлим жазоси берилибди. Энди бу ҳукм Миср муфтиси томнидан тасдиқланиши керак экан. Ҳеч шубҳа йўқки, муфти уни тасдиқлайди. Чунки, муфтийлар ҳамма ерда, худди Ўзбекистонда каби, мавжуд режимларнинг хизматкораларидир.

Эслатиб ўтиш керакки, “Мусулмон-қардошлар”нинг раҳбари Муҳаммад Бадига ҳам шу йил 16 мартда ўлим жазоси берилганди. Шу муносабат билан 17 март куни “Ҳаракат”тарафидан берилган қуйидаги таҳлилни қайтаришдан фойда бор:

“Асосий мақсади Мисрни исломий давлатга айлантириш ва сионизмни йўқ қилиш бўлган бундай ҳаракатнинг келажаги йўқлигини аввалдан тахмин қилса бўларди, дейди мухбиримиз. Яна тахмин қилиш қийин эмаску, “Мусулмон-қардошлар” ҳаракати йўқ қилинса ҳам, ахир бир кун бошқаси ўртага чиқади. Чунки, Қуръоннинг хато тафсирига кўра, ҳар қандай давлат исломий бўлиши керакми, демак, айнан Қуръоннинг амрини бажо келтириш учун ўлимга ҳам тайёр бўлганлар ҳар доим бўлади.

Қуръон янгидан тафсир қилиниб, Ислом дунёвийлик/секуляризм приниципини қабул қилмагунча, яъни давлат исломий бўлиши кераклиги ҳақидаги хато иддаосидан воз кечмагунча, мусулмонлар беҳуда қурбон бериб, аммо ҳеч нарсага эришолмай қолаверадилар. Чунки телефон - алоқа воситаси, автомобиль - транспорт воситаси бўлгани каби, давлат - жамиятни бошқариш воситасидр. Бу воситалар принцип ўлароқ исломий бўлолмайди.”

Бу воқеани тафсилотли равишда ёритишдан мақсад – ўзбек исломчиларининг кўзини очиш йўлидаги ҳаракатдир. Улар тушуниши керакки, давлат принцип ўлароқ диний, хусусан, исломий бўлолмайди. Ислом фанатиклари бу оддий ҳақиқатни қанча тез тушунсалар, Ислом дунёси учун шунча яхши бўлади.