14 May 2015
02:23 - Абдураҳим Пўлат: Украинада Ислоҳотлар бўйича Маслаҳатчи Халқаро Кенгаш тузилгани, раис этиб Михаил Саакашвили тайинлангани бизга дарс бўлиши керак

Украинларнинг УНИАН Агентлиги хабар беришича, кеча Президент Петр Порошенко Украинада Ислоҳотлар бўйича Маслаҳатчи Халқаро Кенгаш мақомини ва унинг шахсий таркибини тасдивловчи Фармонни имзолади. Бу Кенгаш Украина Президенти қошида масҳатчи орган ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси - Украинада ўтказиладиган ислоҳотлар бўйича халқаро тажрибага асосланган таклифлар тайёрлашдир.

Бу Кенгашга келишув бўйича киритилганлар ичида Гуржистоннинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили, Швециянинг собиқ Бош вазири Карл Бильдт, Европарламентнинг ташқи ишлар комитети раиси Элмар Брок, Словакиянинг собиқ Бош вазири Микулаш Дзуринда, АҚШ Сенатори, Сенатнинг ҳарбий кучлар комитетининг раиси Джон Маккейн ва бошқалар бор.

Ўша Фармоннинг ўзида Кенгашнинг раиси этиб Михаил Саакашвили тайинланган.

Қизиғи шундаки, “Ҳаракат” Агентлиги ҳам хабар қилганидек, шу йилнинг 14 февралида ҳам шунга ўхшаш Кенгаш тузилган ва унинг раис этиб, Михаил Саакашвили тайинланган эди, дейди Абдураҳим Пўлат. Аввалги Кенгаш тарқатилиб, янгиси қурилибди. Шу сабабли, Петр Порошенконинг янги Фармони жиддий кўринмаслиги ҳам мумкин. Аммо, Украинада бўлаётган воқеаларни чуқурроқ тушуниш ва уларни Ўзбекистон билан солиштиришдан фойда бор.

Украинда руспараст президент Виктор Януковичнинг ағдарилиши, руслар осонликча Қримни босиб олиши ва Донецекни феълан Украинадан ажратиб олиши кўрсатмоқдаки, 25 йил аввал мустақил бўлган Украина ҳақиқий давлат ҳам бўлмаган экан. Ҳозир уни ҳақиқий, Россияга қарши тура оладиган давлатга айлантириш учун ўта мураккаб ишлар қилинмоқда. Украинанинг қуролли кучлари қайтадан ташкил этилмоқда, давлат структуралари янгиланмоқда, давлатни қамраб олган коррупция тўрлари бузилмоқда. Бир оғиз қилиб айтсак, Украинада инқилобий ислоҳотлар қилинмоқда. Михаил Саакашвили раҳабарлигидаги Кенгаш халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ислоҳотлар ўтказиш учун таклифлар тайёрлайди.

Ўзбекистонда ҳам шундай жараёнлар бўлиши турган гап. Ислом Карим раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклар режими Ўзбекистоннинг давлат сифатини ҳам йўқ қилиб бўлди. Ҳозир Ўзбекистон катта бир колхоз каби нарса. Мавжуд режим қулагандан кейин Ўзбекистонда ўтказиладиган ислоҳотлар Украинадагидан ҳам мураккаб ва оғир бўлади. Русларнинг “Ақлли одам бировларнинг хатоларидан, аҳмоқ ўзиникидан ўрганади” деган мақол бор. Шу сабабли, биз Украинанинг тажрибасидан ўрганиб, Ўзбекистонда ўтказиладиган инқилобий ислоҳотларга, Ўзбекистонни қайтадан давлат, Марказий Осиёда лидер давлат қилишга тайёрланишимиз керак.