13 May 2015
07:45 - Ислом Карим режими акромийлардан ўйинчоқ сифатида фойдаланиб, тинч аҳолини ўққа тутгани ва "Бирлик" бошлаб берган демократик жараёнларни тўхтатганига 10 йил бўлди

2005 йил 13 майда бўлган воқеалар ҳақида “Ҳаракат” Агентлиги ўша куни соат эрталаб 11:30 да тарқатган хабарида шундай жумлалар бор эди:

“Чоршанбадан жумага ўтар кечаси тахминан 100 кишили куролланган гурух шахар камакхонасининг оз микдордаги коровуларни ўлдириб, махбусларни озод килган ва кейин харбий гарнизонга хужум уюштириб, катта микторда курол кўлга киритишган. Сўнгра улар вилоят хокимлигини босиб олишган, йўл-йўлакай бир театр ва кинотеатр биносини ёкиб ташлашган.

Хозир вилоят хокимлиги олдида бир неча минг кишилик митинг бўлмокда. Исёнчилар ўзларининг кайси ташкилоту кайси диний окимга мансуб эканликларини очик гапиришмаётгани туфайли, одамлар орасида биров уларни «вахобийлар», деса, бошка бировлар «хизбчилар, яна бошалари «акромийлар» демокда.” (Эътибор беринг, у пайтда Интернетда кирил асосида яратилган ўзбекча ҳ, қ, ғ харфлари ҳали йўқ эди)


Хабарда террорист сўзи ишлатилмаса ҳам, кейинчалик “акромийчилар” деб ном олган гуруҳнинг ўша кунги қилган иши террористик акт эканлиги кўриниб турибди. Ўша соатларда “Бирлик” Партияси бу воқеалар хусусида  “Андижонда қон тўкилишини тўхтатинг!” номли баёнот тарқатди. Унинг тўла матни билан шу адресда танишиш мумкин - http://www.harakat.net/news/?id=331


Акромийларни тор-мор қилиш баҳонасида ўша куни кечқурун тинч аҳоли ўққа тутилди. 15 май куни “Бирлик” Партияси “Андижонда халққа ўқ отганлар ва оттирганлар халқ олдида жавоб берадилар!” номли баёнот эълон қилиб, бу қонли воқеалар бўйича акромийлар (халққа ўққа оттирганлар) ва Ислом Карим режими (халққа ўқ отганлар) жавоб бериши кераклигини урғулаганди. Бу баёнотнинг адреси - http://www.harakat.net/news/?id=334


“Бирлик”нинг 13 майдаги баёнотидаёқ акромийларнинг исёни қораланган эди. 15 майдаги баёнотда Ислом Карим режимининг қонхўрлиги қораланди ва юқорида айтилганидек, акромийлар ҳам Ислом Карим режими ҳам ҳалқ олдида жавоб бериши кераклиги айтилади. Айтиш керакки, 10 йил аввал акромийлар КГБ ва Ислом Карим режими тарафидан қўғирчоқ қилиниб, “Бирлик”нинг 2003 йил 7 майдаги қурултойи билан бошланган демократик жараёнларни тўхтатиш учун ишлатилгани маълум эмасди. Ҳозир булар ҳам аниқ бўлди.

Вақти келади, улар халқ олдида жавоб ҳам берадилар. Бундай вақтни тезроқ келтириш учун бугунги аҳволи ва келажаги билан ҳам иши бўлмайдиган ҳолга тушган, миллат сифатини йўқотган ўзбекларни қайтадан миллат қилиш, миллатнинг илғор қисмини бугунги аҳволимизга тўғри диагноз қўйган, келажак йўлларини кўрсатаётган “Бирлик” Партияси атрофида бирлаштириш лозим.

Бугун эса, 10 аввал акромийлар ва Ислом Карим режими тарафидан ваҳшийларча ўлдирилган ватандошларимизнинг хотирасига бош эгамиз ва дуолар қиламиз.